Ёшлар куни доирасида талабалар билан муҳим учрашув ўтказилди
2026-04-23 10:50:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 24 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Shavkat Mirziyoyevнинг ёшлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтган эди. Унда давлатимиз раҳбари барча даражадаги раҳбарлар ёшларни хорижий тиллар ва касб-ҳунарга ўргатиш, спортга кенг жалб этиш, уларнинг ғоя, лойиҳа ва стартапларини қўллаб-қувватлаш, бандлиги ва даромадини таъминлаш борасида янада фаол ишлаши зарур эканлигини қайд этган эди.
🎤 Шу билан бирга, мамлакатимизда ҳар ҳафтанинг пайшанба куни вазирлик ва идораларда “Ёшлар куни” сифатида ўтказилиши белгиланди.
Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги директори Бахтиёр Хайдаров Тошкент шаҳридаги Сингапур Менежментни ривожлантириш институти талабалари билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида Агентлик раҳбари талабалар томонидан ишлаб чиқилган стартап лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Ҳар бир лойиҳа юзасидан тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий кўмак бериш масалалари белгилаб олинди.
Шунингдек, институт талабалари учун Агентлик ҳузуридаги “O‘zbekekspertiza” АЖда амалиёт ўташ имкониятларини яратиш бўйича келишувга эришилди.
Тадбир якунида Агентлик ва институт ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Шундан сўнг Агентлик директори институтдаги ўқув жараёнлари ҳамда талабалар учун яратилган замонавий амалиёт инфратузилмаси билан яқиндан танишди.
Мазкур ҳамкорлик ёшларнинг инновацион салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни амалий кўникмалар билан таъминлаш ҳамда келгусида рақобатбардош мутахассислар сифатида шаклланишига хизмат қилади.



