Илмий ва инновацион ҳамкорликни кенгайтириш йўлида навбатдаги учрашув
2026-04-23 10:10:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда лойиҳа ва инжиниринг хизматлари, илмий-тадқиқот ҳамда тажриба-конструкторлик ишлари ўртасидаги узвий интеграцияни таъминлаш устувор йўналишлардан бири ҳисобланмоқда. Шу билан бирга, замонавий технологиялар трансферини жадаллаштириш, инновацион ва рақамли ечимларни кенг жорий этиш ҳамда мавжуд ишланмаларни такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этмоқда.
🎤 Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Агентлик мутахассислари Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институти директори, академик Илхом Содиқов ҳамда мутасадди ходимлар билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида юқори технологияли ва илмий салоҳиятга эга истиқболли лойиҳалар атрофлича муҳокама қилиниб, уларни амалиётга жорий этиш механизмлари юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, илғор маҳаллий ва хорижий “R&D" марказлари билан ҳамкорликни ривожлантириш, илм-фан ва саноат интеграциясини мустаҳкамлаш ҳамда инновацион экотизимни янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур ҳамкорлик истиқболда қўшилган қийматга эга маҳсулотлар яратиш, саноат тармоқларига замонавий ечимларни жорий этиш ҳамда миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.


