✅ Давлат харидлари тизими такомиллаштирилмоқда
2026-03-27 11:50:00 / Янгиликлар

2025 йилда давлат харидлари тизими бўйича 25 мингга яқин ариза ва шикоятлар келиб тушган. Эътирозларнинг асосий қисми операторлар томонидан харидларни ташкил этиш жараёнлари бўйича, шартномаларни расмийлаштириш тартиби ва муддатлари бузилиши ҳамда буюртмачилар томонидан тўловларни ўз вақтида тўлаб берилмаслиги юзасидан бўлган. Шу билан бирга, харид операторларидаги турли рақобат муҳити, модерациядаги инсон омили таъсири, шикоят ва шартномавий низоларни тезкор ҳал этиш имконияти мавжуд эмаслиги, мурожаатларнинг тарқоқ ҳолатда келиб тушиши, маҳаллий товар сертификати тўлови миқдорининг юқорилиги, харидларни ўз вақтида режалаштирилмаслиги ва рейтинг тизимининг мавжуд эмаслиги давлат харидларида самарадорлик ва шаффофликка таъсир кўрсатмоқда. ✅Мазкур муаммоларни бартараф этиш учун бир қатор тизимли ишлар амалга оширилди: ✍️ ягона марказий портал тест режимида ишга туширилди; ✍️ қурилиш моллари, электр ва маиший техника товарлари бўйича стандарт оферталар жорий этилди; ✍️ харид ҳужжатларини олдиндан жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш йўлга қўйилди; ✍️ таклифларни баҳолашнинг намунавий мезонлари электрон тизимда жорий қилинди. ✅ Шунингдек, соҳада самарадорликни янада ошириш мақсадида қуйидаги чораларни кўриш режалаштирилган: ✍️ воситачилик йиғими ва закалат миқдорлари барча операторлар учун бирхиллаштирилади; ✍️ барча мурожаатлар бўйича сунъий интеллект асосида автомат мониторинг ва ҳисоботлар тайёрланадиган “Ягона Салл-марказ” ташкил этилади; ✍️ буюртмачилар ва иштирокчиларнинг рейтинг тизими жорий қилинади; ✍️ харид-режа жадвалларини жойлаштириш тўлиқ рақамлаштирилади; ✍️ маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификат бериш тўлови камайтирилади. Бугунги кунда давлат харидлари соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш устида ишланмоқда. ✅ Агарда сизда давлат харидлари соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштиришга оид таклифлар бўлса, уларни бизга юборишингиз мумкин.
