Ғузор тумани ҳокими Суюнов Бекзод Олимовичнинг Мустақиллик байрами муносабати билан туман аҳлига байрам табриги
2025-08-26 19:25:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, азиз тумандошлар!
Ҳурматли нуронийлар, устозлар, зиёлилар, шижоатли ёшлар ва муҳтарам меҳмонлар!
Бугун биз юртимиз тарихидаги энг улуғ, энг қадрли кун – Мустақилликнинг 34 йиллигини кенг нишонламоқдамиз. Бу байрам бизнинг эркинлигимиз, озодлигимиз ва миллий ғуруримизнинг тимсолидир.
Мустақиллик туфайли биз ўз тақдиримизни ўзимиз белгилайдиган, тараққиёт йўлини эркин танлайдиган, эртанги кунимизга ишонч билан қарайдиган халқга айландик.
Ҳурматли Президентимизнинг ислоҳотлари ва ташаббуслари натижасида ҳаётимизнинг барча соҳаларида янгиланиш ва тараққиёт суръатлари юксалмоқда.
Президентимиз ҳар бир чиқишида таъкидлаганидек, барча ислоҳотларнинг асосий мақсади – халқни рози қилишдир. Шу боис одамларимиз учун барча соҳаларда янги имкониятлар, қулай шароитлар, кенг имтиёзлар яратиб берилмоқда.
Сўнгги йилларда Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида Ғузор туманида ҳам улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Ҳусусан, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ғузор тумани аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича дастур ишлаб чиқилиб, сўнгги 4 йилда 226,6 млрд. сўм маблағлар ҳисобига 35 та объектда 411,2 км ичимлик сув тармоқлари қурилди ҳамда умумий қуввати 8700 м3 бўлган 4 та “Сув сақлаш ва тарқатиш иншоот”лари қурилди ҳамда 2 таси реконструкция қилинди.
Натижада, 14 та маҳаллалардаги 75 минг нафар аҳоли илк бор тоза ичимлик суви билан таъминланиб, ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 0,2 фоиздан 31,2 фоизга етказилди.
Бундан ташқари сўнги беш йилда туманда электр таъминотини яхшилаш ҳамда аҳолини узлуксиз электр билан таъминлаш мақсадида 377,7 км электр тармоқлари, 119 та трансформатор пунктлари янгидан қурилди ва реконструкция қилинди ҳамда 3 минг тадан зиёт сим ёғочлар бетон устунга алмаштирилди.
Бу ишларнинг самарасини менимча барчангиз сезганлигингиз аниқ. Олдинлари кунига 10 соатлаб светсиз ўтирган вақтларимиз кўп бўлган. Бугунги кунга келиб 1 ойда жами бўлиб 1 соат свет ўчмаётгани бунга яққол мисол бўлади.
Шунингдек, газ таъминотини яхшилаш мақсадида 158,6 км ўрта-паст босимли газ қувурлари қайта тартибга келтирилди, аҳоли ва тумандаги йирик нефт-газ ташкилотлари ҳомийлигида 27 км ички газ тармоқлари янгидан тортилди, 9 224 та аҳоли хонадонларига замонавий газ ҳисоблаш ускуналари ўрнатилди.
Натижада 16 та маҳаллалардаги 15 500 тадан зиёт аҳоли хонадони, 1 300 тага яқин тадбиркорлик субъектлари ҳамда 73 та ижтимоий соҳа объектлари табиий газ билан таъминланди.
Яна бир аҳолини қийнаб келаётган инфратузилмалардаги муаммоларни ҳал қилиш мақсадида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 2021-2024 йилларда давлат бюджетидан 74,0 млрд сўм маблағлар ажратилиши ҳисобига, аҳоли томонидан энг кўп мурожаатларга сабаб бўлиб келаётган 90,0 кмдан ортиқ масофадаги ички йўллар асфальтлаштирилди.
Бундан ташқари давлат дастурлари доирасида ҳамда хашар йўли билан тумандаги 47 та маҳаллаларнинг 301,7 км ички йўллари таъмирланди. Жумладан, 9 км йўлларда бетонлаштириш, 148,2 км йўлларда асфальтлаштириш ва 148,5 км йўлларда шағаллаштириш ишлари амалга оширилди ҳамда 5 та таъмирталаб кўприкларда таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Ўтган давр мобайнида бунёдкорлик соҳасидаги яна бир мақтанса бўладиган ишларимиздан бири “Мустақиллик” маҳалласида 33 та замонавий кўп қаватли уй-жойларнинг қурилишидир. Хозирги кунда ушбу хонадонларга 664 та оилалар истиқомад қилишмоқда.
Қадрли дўстлар!
Сўнги йилларда таълим ва тиббиёт соҳаларига ҳам муҳим эътибор қаратилмоқда. Бунга биргина мисол туманда беш йил ичида 4 та мактаб биноси янгидан қурилди, 16 та мактаб капитал ва 21 таси мукаммал таъмирланди ҳамда туманда давлат-хусусий шерикчилик асосида 2 та хусусий мактаб ўз фаолиятини бошлади.
Бунинг натижасида 14 500 нафар ўқувчиларнинг ўқиш шароити яхшиланди.
Мактабгача таълим ташкилотига болалар қамровини ошириш борасида ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди.
Туманда қўшимча 200 тадан ошиқ давлат ва хусусий боғчалар ташкил қилиниб, қамров даражаси 25 фоиздан 72,2 фоизга етди. Авваллари боғча бўлмаган 24 та маҳаллада мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилди.
Тиббиёт соҳасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Жумладан Марказий шифохонага даволаниш мақсадида келган фуқаролар ва уларнинг яқин қариндошлари учун “Кутиш зали” (аёллар ва эркаклар учун алоҳида) қурилиб фойдаланишга топширилди.
Туман қўшма шикастланиш ва ўткир қон томир касалликлари марказига қўшимча 4 дона Гемодиализ аппарати келтирилиши натижасида гемодиализ олаётган беморларга тез ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди.
Туғруқхона бўлимига замонавий УТТ аппарати ва энг сўнгги русумдаги 6 каналли ЭКГ аппарати олиб келиб ўрнатилиши натижасида 15 нафар болалар ўлими ва 6 нафар оналар ўлимининг олди олинди.
Кўп тармоқли марказий поликлиникага Маммография аппарати келтирилиб ўрнатилди.
Бунинг натижасида Қарши шаҳрига бориб тиббий хизмат олиб келаётган фуқароларимизнинг узоқлари яқин бўлди.
Бундан ташқари туманда Ёшлар соҳасида 5700 нафар ёшларга “Ёшлар жамғармаси” ҳисобидан 7,2 млрд сўмлик ижтимоий ёрдамлар ҳамда 10 минг нафар ёшларнинг истеъдотлари кўллаб-қувватланди.
Шунингдек ёшларимиз учун спорт соҳасини ривожлантириш бўйича ҳам бир қанча ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2021 йилда "Ярғунчи" маҳалласида 600 ўринли олимпия ва миллий спорт мактаби очилди, “Беш ташаббус” олимпиядаси доирасида 5 млрд сўм маблағ ўзлаштирилиши ҳисобига 14 та унверсал спорт майдончалари қурилди ҳамда маҳаллий бюджет ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 74 та “work out” ва бошқа спорт майдончалари қуриб фойдаланишга топширилди.
Бунинг натижасида вилоят миқёсидаги мусобақаларда 300 дан ортиқ, Республика миқёсидаги мусобақаларда 100 дан ортиқ, Халқаро мусобақаларда 30 дан ортиқ медалларни қўлга киритдилар. Ўзбекистон Миллий терма жамоасида тумандан 9 нафар спортчилар асосий, 20 нафар спортчилар заҳира таркибига киритилган.
Азиз тумандошлар!
Ютуқларимиз шунчаки қоғоздаги рақам эмас, балки ҳар бир хонадон ҳаётидаги амалий ўзгаришлардир. Янги уйлар, обод кўчалар, замонавий мактаблар ва тиббиёт муассасалари – буларнинг барчаси Мустақиллик неъматларидир.
Энг асосийси – дунёда таҳликали жараёнлар давом этаётган бир пайтда Президентимизнинг оқилона сиёсати билан юртимизда тинчлик ва осойишталик сақланмоқда.
Айнан шу тинчлик туфайли биз эрталаб ишонч билан ишга борамиз, фарзандларимиз бемалол билим олади, ёшларимиз орзу қилган касбини эгаллаш имкониятига эга бўлмоқда.
Шу боис, бизнинг бурчимиз – тинчликни асраб-авайлаш, бунёдкорликка бел боғлаш ва Президентимиз олиб бораётган улкан ислоҳотларга ўз меҳнатимиз билан ҳисса қўшишдир.
Қадрли тумандошлар! Ушбу улуғ айёмда сизларнинг хонадонингиз файзли, дастурхонларингиз тўкин-сочин бўлишини тилайман.
Юртимиз тинч ва фаровон бўлсин! Байрам барчага муборак бўлсин!
Бекзод Суюнов, Ғузор тумани ҳокими.
