Ғузор тумани прокурори Рустам Сайфиевнинг жинoятчиликни олдини олиш бўйича туман аҳлига мурожаати
2025-06-05 09:15:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, Қадрли отахон ва онахонлар!
Азиз ёшлар! Ҳурматли тумандошлар!
Барчамизга яхши маълумки, муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда “Инсон қадри учун” эзгу ғояси асосида инсон қадрини
улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳар бир хонадон, ҳар бир маҳаллага кириб бориб, юртдошларимиз уларнинг амалий самарасини кундалик ҳаётида доимо ҳис қилмоқдалар.
Хабарингиз бор, сўнги йилларда мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг мутлоқо янги механизмлари жорий этилиб, ҳуқуқбузарликларни содир этишга сабаб бўлаётган ижтимоий-маиший муаммоларни ижтимоий профилактика чоралари тизими орқали ҳал этиш ҳамда алоҳида шахсий хавфсизлик хиссини шакллантириш борасида самарали чора - тадбирлар амалга оширилди.
Бу жараёнда, айниқса аҳоли тинчлиги ва осойишталиги, фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, “Хавфсиз ҳудуд”, “Хавфсиз маҳалла” каби тамойилларга қатъий амал қилган ҳолда, қонун устувор бўлган муҳитни яратишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Шу мақсадда, Муҳтарам Президентимизнинг 2025 йилнинг 3 январь куни “2025 йилда Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сонли Қарори қабул қилинди.
Ушбу Қарорда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашда Ғузор тумани прокуратураси ходимлари алоҳида жонбозлик кўрсатиб, аввало аҳолига яқин бўлиб, қонун ва адолат устуворлигини, тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш фаолиятимизни асосий мезони сифатида белгилаб олдик.
Шуни таъкидлаш жоизки, барча идора ва ташкилотлар ҳамда халқимиз билан биргаликда барча соҳаларда қонунийликни мустаҳкамлаш, жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, амалга оширилган ишлар ва кўрилган чораларга қарамай, туманда жорий йилнинг ўтган даврида олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар салмоғи 1,9 фоизга ортган.
Афсуски, яратиб берилаётган кенг имкониятларга қарамасдан айрим шахслар ноқонуний йўллар билан бойлик орттириш, фуқароларни алдаш ва бошқа воситалар орқали уларнинг мол - мулкини эгаллашга уринишмоқда.
Айниқса, жаҳон интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда фуқароларга ҳар хир турдаги таъсир ўтказиш орқали ҳисоб рақамларидаги пул маблағларини эгаллаш ҳолатлари кўплаб учрамоқда.
Ўтган даврда, туманимизда 38 та кибержиноятлар, 5 та фирибгарлик ҳолатлари содир этилиб, жиноят ишлари қўзғатилгани бунинг яққол исботи.
Шунингдек, ўтган даврда назоратсизлик ҳамда таълим - тарбия ишлари етарлича тўғри ташкил этилмагани оқибатида 3 нафар вояга етмаган шахслар, 8 нафар ёшлар томонидан жиноят содир этилганлиги ташвишли. Ачинарлиси, оилалардаги муҳитни яхшилаш, айниқса, хотин - қизларнинг муаммоларини ўрганиб, ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилаётган бир вақтда 2 нафар хотин - қизлар томонидан жиноят содир этилди.
Бундан ташқари, айрим фуқароларимизнинг бепарволиги оқибатида ўзларига тегишли мол - мулклар – техника воситалари, чорва моллари ёки уй атрофларини қаровсиз қолдиргани оқибатида ўғрилик жиноятлари содир этилишига имконият яратиб бераётгани ҳам айни ҳақиқат.
Оқибатда, ўтган даврда 15 та ўғрилик, шахсларнинг жамиятда юриш қоидаларини бузиб, бошқаларнинг соғлигига зиён етказганлиги бўйича 6 та енгил тан жароҳати етказиш жиноятлари қайд этилди. Шунингдек, йўлларда автомобиллар сони кундан - кунга ортиб, ҳайдовчиларнинг масъулиятини оширмоқда.
Бироқ, айрим ҳайдовчилар йўл белгилари, йўл қоидаларига риоя этмасдан ўзбошимчалик билан тезликни оширгани ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқ фуқароларга автомашинани бошқаришга ноқонуний рухсат бергани натижасида жами 12, шу жумладан ўлим билан боғлиқ 3 та йўл - транспорт ҳодисаси содир этилганлиги аянчли, албатта!
Ҳурматли туманимиз аҳли !
Шу сабабли, келгусида ҳал этилиши лозим бўлган кўплаб масалалар борлигини барчамиз яхши тушунамиз.
Бундан келиб чиққан ҳолда масъул идоралар ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда қуйидаги янги тадбирларни амалга ошириш йўлга қўйилганини маълум қилмоқчиман.
Жиноятларнинг олдини олиш, туманда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш бўйича кучайтирилган иш тартиби жорий этилди.
Шу мақсадда, маҳаллалардаги аҳоли гавжум жойлар ва кўчаларга 312 та, кўп қаватли уйларнинг ҳовлиларига 11 та, маҳаллаларнинг асосий кириш - чиқиш жойларига 62 та, савдо марказлари ва бозорларга 6 та, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари кириш - чиқиш жойларига 44 та, мактабларнинг очиқ спорт майдонларига 24 та юзни ва авторақамларни таниб олувчи камералар ўрнатилди.
Маҳаллалардаги кўп қаватли ва якка тартибдаги 348 та хонадонлар техник қўриқловига олинди, кўп қаватли уйларнинг кириш йўлаклари олдига 12 та ташвиш тугмалари ўрнатилди.
Шу каби, маҳаллаларда 103 та “намунавий хавфсиз йўлак” ва 35 та “намунавий хавфсиз кўча”лар ташкил этилди.
Натижада, мазкур воситалар кирминоген вазиятни назорат қилиш, содир этилган жиноятлар бўйича шахсларни тезкорлик билан излаб топиш ҳамда жиноятга жазо муқаррарлиги таъминлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Бундан ташқари, содир этилган жиноятларни ҳар куни тезкор таҳлил қилиб, манзилли тадбирларни белгилаш, кунлик сўров ва назорат тизими йўлга қўйилди. Шу билан биргаликда, тергов сифати янада ошириш бўйича алоҳида нахорат ўрнатилди, бу жараёнларда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари поймол этилишига йўл қўйилмайди.
Бундан буён коррупцияга қарши курашиш борасида барча давлат ва нодавлат тузилмалари, ҳокимликлар, кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқамиз, жамиятнинг барча қатламлари салоҳиятини бирлаштириш йўлидан борамиз.
Жамиятда коррупцияга қарши муросасизлик муҳитини шакллантиришнинг барча чораларини кўрамиз.
Азиз Ғузорликлар!
Албатта, туманда жиноятчилик ва коррурциянинг олдини олишда, умуман барча соҳаларда қонунийликни таъминлашда, энг аввало, маҳалла аҳли, ёшлар ва нуроний ташкилотлар фаолларига, турли меҳнат жамоаларидаги жонкуяр ва ватанпарвар инсонларга, уларнинг амалий ёрдами ва ҳамкорлигига таянамиз.
Агарда ҳар бир фуқаро туманимизни жиноятдан, корруп-циядан ҳоли, тинч ва хавфсиз ўлкага айлантиришга ўз ҳиссасини қўшса, барчамиз бир тану бир жон бўлиб, биргаликда курашсак кўзланган мақсадга албатта эришамиз.
Бугунги кунда жуда кўп масалаларда иш услубларимиз ўзгариши зарур, бунинг устида қатъий ишлаяпмиз.
Президентимиз талаб қилаётганларидек, жиноятларнинг оқибатлари эмас, уларнинг сабабларини, ҳуқуқбузаликларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф қилишни устувор вазифа деб халқ билан биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.
Бунинг учун, ҳар бир маҳалла, хонадонгача тушиб, ҳуқуқбузарлик омилларини аниқлашга эътиборимизни кучайтирамиз, жиноят содир этган ва бунга мойиллиги бор фуқаролар билан учрашувлар ўтказиб, “фуқаробай” иш тизимини жорий қиламиз.
Ҳуқуқбузарлик ва жиноятга сабаб бўлаётган оилавий, ижтимоий, моддий ва психологик муаммоларни ҳал қилишга, ҳар бир фуқарода “жиноятчиликка қарши иммунитет”ни болаликдан шакллантиришга алоҳида эътибор қаратамиз.
Қонунларга қатъий риоя этиш, ўзгалар ҳуқуқи, шаъни ва қадр қимматини, мол - мулки дахлсизлигини ҳурмат қилиш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш, жамиятда юриш - туриш қоидаларига риоя қилиш, ҳам қонуний, ҳам инсоний бурчимиз эканини ҳам доимо ёдда тутишимиз зарур.
Азиз тумандошлар, келинг, барчамиз шу йўлда муҳтарам Президентимизга елкадош бўлиб, қонун устувор, адолат ҳукмрон бўлган жамиятни биргаликда барпо этайлик !
Рустам Сайфиев, Ғузор тумани прокурори.
