АНДИЖОН ВИЛОЯТИДА БОЛАЖОНЛАР УЧУН ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИ ТАДБИРИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
2026-10-20 23:55:00 / Янгиликлар
Андижон вилояти Бўстон тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари томонидан туман ҳудудида жойлашган 8-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида ёнғин хавфсизлигига бағишланган тарғибот тадбири ўтказилди.

Тадбир давомида мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар ва саҳна кўринишлари намойиш этилди. Ушбу чиқишлар орқали болажонларга ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш, турли хавф-хатарлардан эҳтиёт бўлиш ва фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракатланишнинг аҳамияти етказилди.
Шунингдек, тарбияланувчиларга ёнғин-қутқарув автомобиллари, уларнинг махсус жиҳозлари ва асбоб-анжомлари яқиндан таништирилди. Фавқулодда вазиятлар ходимлари болаларга ёнғин-қутқарув техникаларининг вазифалари, улардан қандай мақсадларда фойдаланилиши ҳамда ёнғин содир бўлганда қутқарувчиларнинг олиб борадиган ишлари ҳақида содда ва тушунарли маълумотлар бердилар.
Тадбир давомида болажонларга гугурт ва бошқа олов чиқарувчи воситалар билан ўйнамаслик, электр жиҳозларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш, хавфли вазият юзага келганда эса дарҳол катталарга хабар бериш зарурлиги тушунтирилди.






