АНДИЖОНДА "ҒАЛЛА–2026" ТАДБИРИ ДОИРАСИДА ТУШУНТИРИШ ИШЛАРИ ОЛИБ БОРИЛМОҚДА
2026-06-10 15:35:00 / Янгиликлар

Тадбирлар давомида ғалла ўрим-йиғим мавсумида иштирок этаётган фермер хўжаликлари раҳбарлари, комбайн ва юк автомобиллари ҳайдовчилари ҳамда бошқа масъул шахслар билан учрашувлар ташкил этилиб, ёнғин хавфсизлиги талабларига қатъий риоя этиш юзасидан тавсиялар берилмоқда.
Мутахассислар томонидан дала майдонларида ёнғинларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг олдини олиш чоралари, қишлоқ хўжалиги техникаларининг техник созлигини назорат қилиш, учқун қайтаргичлар билан жиҳозланганлигини таъминлаш, ёнилғи-мойлаш материалларидан хавфсиз фойдаланиш ҳамда бирламчи ёнғин ўчириш воситаларини доимо шай ҳолатда сақлаш бўйича батафсил тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, иштирокчиларга фавқулодда вазият содир бўлган тақдирда зудлик билан тегишли хизматларга хабар бериш, ёнғин тарқалишининг олдини олиш ва инсонлар ҳаётини сақлаб қолишга қаратилган дастлабки ҳаракатлар юзасидан амалий тавсиялар етказилди.
Профилактик тадбирлар давомида дала майдонлари, техника воситалари ва ҳосил сақланаётган ҳудудларнинг ёнғинга қарши ҳолати ҳам кўздан кечирилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Шаҳрихон тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан ҳам "Ғалла–2026" мавсумини хавфсиз ва талафотларсиз ўтказиш мақсадида назорат-профилактик тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.






