Фарғона туманида тиббиёт ходимлари иштирокида тонгги бадантарбия машғулотлари ўтказилди
2025-10-09 13:05:00 / Янгиликлар

Фарғона тумани 1-сон спорт мактаби ҳудудидаги “Ёшларобод” марказий ўйингоҳида туман Тиббиёт бирлашмаси ҳузуридаги тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган давлат фуқаролик хизматчилари иштирокида тонгги бадантарбия машғулотлари ташкил этилди.
Мазкур тадбир соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, жисмоний фаолликни ошириш ҳамда тиббиёт соҳасида фаолият юритаётган ходимлар ўртасида соғлом ҳаёт маданиятини шакллантиришга қаратилди.
Тонгги машғулот давомида иштирокчилар тажрибали мураббийлар бошчилигида жисмоний ҳаракатлар, чўзилиш машқлари ва нафас олиш амалиётларини бажардилар. Тадбир жараёнида мунтазам бадантарбия билан шуғулланиш инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, иш қобилиятини ошириш ҳамда касбий фаолиятда юқори натижаларга эришишда муҳим омил экани таъкидланди.
Шунингдек, тадбир иштирокчиларига соғлом овқатланиш, зарарли одатлардан воз кечиш ва стрессни камайтиришнинг аҳамияти юзасидан тавсиялар берилди.
Фарғона туманида бундай соғломлаштириш тадбирларининг мунтазам ўтказилиши аҳоли, хусусан, тиббиёт ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш ҳамда фаол ҳаётий позицияни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.









