Фарғона тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати муносабати
2025-09-13 08:00:00 / Расмий муносабатлар

«Фарғона ҳақиқати» газетасининг 2025 йил 12 сентябр куниги 37-сонида чоп этилган «Аввал “Туризм қишлоғи”га айланадими?» сарлавҳали мақолада Фарғона тумани Аввал қишлоғида амалга оширилаётган туризмни ривожлантириш ишлари ҳақида танқидий фикрлар билдирилди. Унда инфратузилма етишмовчилиги, ичимлик суви таъминоти, йўлларнинг асфалтланмаганлиги ҳамда айрим тарихий обидалар ва зиёратгоҳларнинг таъмирга муҳтожлиги ҳақида сўз юритилган.
Мазкур масалага изоҳ берган ҳолда таъкидлаш жоизки, Аввал қишлоғи Фарғона туманидаги табиий ва маданий бойликларга эга ҳудудлардан бири ҳисобланади. Ҳудудда туризм салоҳиятини тўлиқ очиш, маҳаллий аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш ва сайёҳлар учун жозибадор муҳит яратиш мақсадида 51 гектар майдонни қамраб олган мастер-режа ишлаб чиқилган. Ҳозирда ушбу режа тасдиқланиш арафасида бўлиб, айрим лойиҳаларда амалий ишлар бошланган.
Ҳудудда йўлларни асфалтлаш, электр ва ичимлик суви тармоқларини яхшилаш, интернет алоқасини барқарорлаштириш бўйича 2025–2026 йиллар учун манзилли дастур қабул қилинган. Дастур доирасида 3,2 километр ички йўл асфалтланмоқда, ичимлик суви таъминоти учун янги қувурлар тортиш ишлари бошланган, булоқ манбаларини муҳофаза қилиш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, 24 та оилавий меҳмон уйи фаолият бошлаган, яна 10 таси лойиҳалаштирилмоқда. Зиёратгоҳлар атрофи ва сайёҳлик йўналишларида ободонлаштириш, ёритиш ва ахборот панеллари ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. «Еттибулоқ» манбаси атрофида экотуризм йўналишлари, пиёда сайр йўлаклари ҳамда оилавий дам олиш майдонларини ташкил этиш бўйича қурилиш ишлари кетмоқда.
Шунингдек, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий уй музейи ва бошқа маданий объектларни қайта тиклаш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган. Музейни реконструкция қилиш жараёнида тарихий буюмларни сақлаш, экспозицияларни замонавий талабларга мослаштириш, ёшлар учун маданий-маърифий дастурлар ташкил этиш режалаштирилган.
Газетада билдирилган танқидий фикрлар эътибордан chetda қолмайди. Мазкур масалалар ҳокимлик ишчи гуруҳи томонидан ўрганилмоқда, аниқланган муаммолар бўйича масъул ташкилотларга топшириқлар берилган. Айрим камчиликларни бартараф этиш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда.
Келгусида Аввал қишлоғида туризмни янада ривожлантириш, маданий ва экологик йўналишларни кенгайтириш мақсадида экотуризм ва оилавий туризм лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, зиёратгоҳлар ҳамда тарихий объектларни реставрация қилиш, йўловчи ва транспорт инфратузилмасини яхшилаш, шунингдек маркетинг ва реклама кампаниялари орқали Аввал қишлоғини «Фарғона водийсининг туризм маркази» сифатида тарғиб этиш режалаштирилган.
Фарғона тумани ҳокимлиги аҳолининг фикрларига очиқ бўлиб, оммавий ахборот воситаларидаги танқидий материалларни ҳамкорлик руҳида қабул қилади. Аввал қишлоғини ҳақиқий «Туризм қишлоғи»га айлантириш йўлида бошланган ишлар изчил давом эттирилади, мавжуд камчиликлар эса босқичма-босқич бартараф этилади.



