Фарғона туманида “Хон атлас” фестивали ўтказилди
2025-09-26 17:05:00 / Янгиликлар

Фарғона туман ахборот-кутубхона марказида Оила ва хотин-қизлар бўлими, Ахборот-кутубхона маркази ходимлари ва ёш ҳунармандлар иштирокида “Хон атлас” фестивали бўлиб ўтди. Тадбир миллий қадриятларни кенг тарғиб қилиш, ёшлар онгида миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилди.
Дастур давомида миллий либосларнинг қадимий илдизлари, уларнинг ўзбек халқининг бой маданияти, урф-одатлари ва анъаналарини ифода этишдаги ўрни хусусида сўз юритилди. Иштирокчилар ўз чиқишларида миллий либосларни наfaqat тарихий-маданий мерос сифатида, балки замонавий ҳаётда ҳам долзарб қадрият сифатида қадрлаш лозимлигини таъкидладилар.
Шунингдек, ёшлар орасида миллий либосларни кенг тарғиб этиш, уларнинг ўзлигига бўлган ҳурматини ошириш ва миллий меросни асраб-авайлаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири экани алоҳида қайд этилди.






