Фарғона туманида ёқилғи-энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш назорат остида
2025-09-25 16:05:00 / Янгиликлар

Фарғона тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 1-майдаги “Ёқилғи-энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ва беҳуда сарфлашнинг олдини олиш ҳамда энергия самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-133-сон қарори ижроси алоҳида назоратга олинган.
Штаб аъзолари томонидан ўтказилган назорат тадбирида туманга қарашли “Чимён” МФЙ, Фидокор кўчасига тортилган диаметри 100 мм бўлган ер ости газ қувурида ёриқ аниқланиб, газ сизиб чиқиш ҳолати кузатилди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу носозлик оқибатида 12 минг м³ газ сарфи юзага келган. Мазкур ҳолат бўйича тезкор чоралар кўрилиб, муаммо зудлик билан бартараф этилди.
Шунингдек, қўшимча энергия манбаларини аниқлаш, уларнинг беҳуда сарфини олдини олиш, рейд тадбирларини кучайтириш, энерго-ресурсларни талон-торож қилишга қарши курашиш ҳамда мавжуд имкониятларни иқтисод қилиш йўналишида комплекс ишлар олиб борилмоқда.
Назорат тадбирлари изчил давом эттирилиб, аҳолининг барқарор ва хавфсиз энергия таъминотини кафолатлаш ҳамда ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлашга қаратилмоқда.


