Ижтимоий тармоқлардаги “Саткак” МФЙ ҳудудида жойлашган ишлаб чиқариш цехидан чиқаётган тутун аҳолини захарлаётгани юзасидан расмий муносабат
2025-09-24 08:00:00 / Расмий муносабатлар

Ижтимоий тармоқларда “Саткак” МФЙ ҳудудида жойлашган ишлаб чиқариш цехидан чиқаётган тутун аҳолини захарлаётгани юзасидан эътирозлар билдирилгани хабар қилинмоқда.
Мазкур ҳолат Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан назоратга олиниб, цехнинг “Фарход Шер Азизбек” оилавий корхонасига тегишли оҳак пишириш цехи эканлиги аниқланди.
Бошқарма томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор этиш орқали (текшириш коди: 455-342-703) қонуний тартибда текшириш ўтказилди.
Текшириш давомида:
— “Фарход Шер Азизбек” оилавий корхонасида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари ижроси ўрганилди;
— аниқланган камчиликларни бартараф этиш, атмосфера ҳавосига ташланаётган чиқиндиларни кескин камайтириш чораларини кўриш бўйича корхона раҳбари огоҳлантирилди;
— аҳолининг эътирозларига сабаб бўлаётган омилларни бартараф этиш мажбурияти юклатилди.
Шунингдек, текширув якунларига кўра, корхона фаолиятининг атроф-муҳитга жиддий салбий таъсир кўрсатаётгани инобатга олиниб, корхона фаолиятини тўхтатиш бўйича суд органларига даво аризалари киритилди.
Фарғона тумани ҳокимлиги ушбу масала тўлиқ назоратга олинганини ва аҳоли саломатлиги, экологик хавфсизликни таъминлаш бўйича барча зарур чоралар кўрилишини маълум қилади.
