“Янги қадам – янги имкониятлар” лойиҳаси доирасида семинар-тренинг бошланди
2025-09-23 16:00:00 / Янгиликлар

Фарғона туманида “Янги қадам – янги имкониятлар” лойиҳаси доирасидаги семинар-тренинг дастурининг биринчи куни ўтказилди. Дастур доирасида “Ҳар бир бола – бебаҳо. Ота-онанинг инклюзив таълимдаги роли” мавзусида амалий-назарий машғулотлар ташкил этилди. Машғулотларни Фарғона тумани “Инсон” ижтимоий хизматлари маркази психологлари Соҳибжонов Муҳаммадрасул ва Жаҳонгир Латипов олиб бордилар.
Семинар-тренингнинг асосий мақсади — ота-оналарнинг психоэмоционал ҳолатини барқарорлаштириш, алоҳида таълим эҳтиёжи бўлган болаларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни психологик, ижтимоий ва педагогик жиҳатдан қўллаб-қувватлашдир.
Тадбир давомида ота-оналарга фарзандларини чуқурроқ тушуниш, уларни қабул қилиш ҳамда зарур ҳолларда ёрдам бериш кўникмалари бўйича маслаҳатлар берилди. Бу эса ўз навбатида болаларнинг жамиятга мослашуви ва ҳаётий муваффақиятларини таъминлаш учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади.




