20-сентябр – Бутунжаҳон тозалик куни Фарғона туманида нишонланди
2025-09-22 19:10:00 / Янгиликлар

Ҳар йили 20-сентябр санасида нишонланадиган Бутунжаҳон тозалик куни инсониятни яшаб турган ҳудудда тозалик ва озодаликка интилиш ғояси атрофида бирлаштиради. Ушбу ташаббус дастлаб 2008-йилда Эстонияда бошланган бўлиб, ўша йили 50 минг кўнгилли мамлакатни чиқиндилардан холи этиш учун бирлашган эди.
Жорий йилда ҳам мазкур халқаро ташаббус мамлакатимизда кенг нишонланиб, «Ҳаёт учун жой ажратинг» шиори остида миллионлаб кўнгилларни бирлаштирди. Шу муносабат билан Фарғона туманидаги «Саткак» зиёратгоҳида ҳам экоаксия эрта тонгдан старт олди.
Аксия давомида иштирокчиларга бошқарма томонидан ҳудудни тозалаш учун барча зарур анжомлар — қўлқоп, чиқинди учун қоплар, шунингдек, Бутунжаҳон тозалик куни рамзи туширилган футболка ва кепкалар топширилди.
Ҳудудларни сифатли тозалаш ва чиқиндиларни олиб чиқиш учун «Тоза ҳудуд» ДУК ҳамда вилоятдаги санитар тозалов корхоналарининг махсус автотранспортлари жалб этилди.








