Фарғона тумани суди қарори – маҳкумга нисбатан адолатли ҳуқуқий чора
2025-09-22 16:35:00 / Янгиликлар

2025-йил 2-сентябр куни жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судида очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Суд мажлисида Фарғона тумани ИИБ томонидан маҳкум М.Н. ни озодликни чеклаш жазосидан муддатидан илгари шартли озод қилиш ҳақидаги тақдимнома кўриб чиқилди.
Суд материалларига кўра, М.Н. 2022-йил 22-сентябр кунги ҳукм билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми “л” бандига асосан 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган. У жазонинг ярмидан кўпроғини – 2 йил 10 ойдан зиёд қисмини амалда ўтаб бўлган.
Пробация хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, маҳкум жазони ўташ даврида тартиб-қоидаларга риоя қилган, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган ва жамоат ишларида фаол қатнашган. М.Н. суд мажлисида ҳам қилган қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон эканлигини билдириб, келгусида жиноят содир этмаслигини ва ижтимоий ҳаётда фаол бўлишга тайёрлигини маълум қилди.
Суд иш материалларини ҳамда прокурорнинг хулосасини ўрганиб, тақдимномани қаноатлантиришга қарор қилди. Суд қарорига кўра, М.Н. озодликни чеклаш жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди. Шу билан бирга, у жазонинг қолган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этган тақдирда ЖКнинг 60-моддасига мувофиқ жazo тайинланиши ҳақида огоҳлантирилди.
Бу қарор Фарғона туманида қонун устуворлигини таъминлаш, маҳкумларнинг ислоҳ этилиши ва уларнинг жамиятга қайтишига кўмаклашиш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.
