Фарғона туман ҳокимининг 9-май “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан байрам табриги
2025-05-09 09:30:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, Муҳтарам фахрийлар! Ҳурматли меҳмонлар!
Аввало, барчангизни ва албатта Ватан озодлиги, юртимиз тинчлиги учун Иккинчи Жаҳон урушида иштирок этган, урушдан кейинги меҳнат фронтида фидойилик кўрсатган Сиз муҳтарам табаррук нуронийларимизни Хотира ва қадрлаш куни ва Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 79 йиллиги билан туманимиз фаоллари ҳамда ўз номимдан самимий қутлайман.
Бугун барчамиз аввало буюк Ғалабага беқиёс ҳисса қўшган, мана шу ёруғ кунларга етиб келолмаган азиз инсонларни ёд этамиз, уларнинг хотираси, пок руҳлари олдида таъзим қиламиз. Шафқациз урушда, машаққатли меҳнат фронтида мардлик ва жасорат кўрсатган барча фахрийларимизга юксак ҳурмат ва эҳтиром, чуқур миннатдорлик билдирамиз.
Азиз тадбир меҳмонлари!
Инсоният тарихидаги энг даҳшатли бу урушда икки миллионга яқин Ўзбекистон фуқароси қатнашган. Уларнинг ярим миллиондан зиёди ҳалок бўлган, 133 минг нафарга яқини бедарак йўқолган. 60 мингдан ортиқ ватандошимиз эса урушдан ногирон бўлиб қайтган.
Бизбу рақамларни ҳар йили 9-май – Ғалаба байрамида қайта-қайта эсга оламиз. Булар шунчаки оддий рақамлар эмас. Уларнинг замирида муштипар оналаримиз, момоларимиз, мард ва жасур оталаримиз, бутун халқимиз қалбидаги чексиз қайғу ва ҳасрат мужассам.
Бу дарду аламларни ҳеч қандай рақам, ҳеч қандай сўз билан ифодалаб бўлмайди, десак, янглишмаган бўламиз. Нега деганда, 500 мингдан зиёд қурбон – бу 500 мингдан ортиқ фожиа дегани. Бу умр йўлдошидан айрилган минг-минглаб аёллар, ота-онасидан жудо бўлган миллионлаб етим болалар дегани. Бу – орадан шунча йиллар ўтса ҳамки, халқимиз юрагидаги битмаган, ҳеч қачон битмайдиган мудҳиш яра, туганмас нола ва армон демакдир.
Халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни ҳимоя қилишда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиш, эзгу ишларини давом эттириш – бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг халқимизга хос азалий қадриятдир.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Бугунги нотинч ва таҳликали ҳаётнинг ўзи Иккинчи жаҳон урушининг қонли фожиаларидан хулоса ва сабоқ чиқариб яшашни бутун дунё халқларидан талаб этмоқда. Ер юзида тинчлик учун курашиш, дунё давлатлари ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса, бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик ва барқарорликни, миллатлар ва динлараро аҳиллик ва тотувликни асраш, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш ҳамиша бош вазифамиз бўлиб қолади. Дунёда ва минтақамиздаги нотинч вазиятни ҳисобга олган ҳолда, биз доимо ҳушёр ва сезгир бўлиб яшашимиз, ёшларимизни ватанпарварлик ва жасорат руҳида тарбиялашимиз зарур.
Ана шундай ғоят муҳим вазифаларни самарали адо этишда буюк аждодларимиз, муҳтарам фахрийларимизнинг мардлиги ва шонли анъаналари, ҳеч шубҳасиз, биз учун доимо ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.
Қадрли ва муҳтарам фахрийлар!
Фурсатдан фойдаланиб, бугунги тинч ва озод, эркин ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз учун сизларга яна бир бор чуқур миннатдорчилик билдираман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, хонадонларингизга қут-барака тилайман.
Доимо ҳаётимизга файз бериб, эл-юртимиз ардоғида бўлиб юришингизни Яратгандан сўрайман.
Бахтимизга ҳамиша омон бўлинг!
Ғалаба байрами барчамизга муборак бўлсин!
Эътиборингиз учун раҳмат!
