Фарғона тумани ҳокимининг Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ташкил этилган байрам дастуридаги нутқи
2025-01-14 11:30:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари
Ассалому алайкум, ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Қадрли аскарлар, сержант ва офицерлар ҳамда Қуролли Кучларимиз фахрийлари!
Аввало, сиз, азизларни, сизлар орқали бутун туманимиз аҳолисини Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Ушбу қутлуғ айём том маънодаги умумхалқ байрамига, азалдан халқимизга хос бўлган ватанпарварлик, мардлик ва жасурлик каби юксак фазилатлар тимсолига айланиб бораётгани барчамизни қувонтиради.
Айни вақтда бу байрам тадбирлари туманимизнинг ҳар бир ҳудудида, ҳар бир ҳарбий қисмларда алоҳида нишонланмоқда.
Дунёда шарафли касблар кўп, улар орасида энг шарафлиси ўз она Ватани ва халқининг тинчлиги учун хизмат қилишдир.
Азиз меҳмонлар!
Муҳтарам Президентимиз Мирзиёев Шавкат Миромоновичнинг ташаббуслари билан мамлакатимизда мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимизни ривожлантириш учун кенг кўламли ишлар амалга оширмоқда.
Бугунги кунда миллий армиямиз минг-минглаб ўғлонларимиз учун чинакам мардлик, фидойилик, ҳақиқий ватанпарварлик мактабига айлангани, ҳеч шубҳасиз, шу йўлда эришган энг катта ютуғимиздир. Бу ҳақиқатни юртимиздаги барча ота-оналар, бутун халқимиз ғурур билан, миннатдорчилик билан эътироф этмоқда.
Ҳозирги кунда оналар ўз фарзандларини армияга кўзда ёш, юракда хавотир билан эмас, балки менинг ўғлим ҳақиқий Ватан ҳимоячиси бўлади, деб, юксак ишонч ва фахр туйғуси билан кузатмоқда.
Хусусан, ҳарбий хизматни ўзининг касби, Ватан ва халқ олдидаги муқаддас бурчи деб билган ўғлонларимизни шарафлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Ҳурматли, тадбир иштирокчилари!
Бугун жаҳон миқёсида тараққиёт суръатлари мисли кўрилмаган даражада шиддатли тус олмоқда. Айни вақтда азалий қадриятлар, ижтимоий-сиёсий қарашлар тизимида чуқур трансформация жараёнлари юз бермоқда. Илгари ўз мақсад ва манфаатларини асосан дипломатия ва сиёсат билан ҳимоя қилиб келган дунёдаги қудратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтганига ҳаммамиз гувоҳ бўлмоқдамиз.
Ушбу тахликали жараёнлардан жонажон Ўзбекистонимизнинг тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш борасида биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан ана шундай эзгу мақсад ва марраларга эришишга, халқимизнинг тинч меҳнати, осойишта ҳаётини, юртимизнинг мусаффо осмонини кўз қорачиғидек асраб-авайлашга ҳар томонлама қодирмиз ва бу ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
Қадрли Ватанимиз ҳимоячилари!
Мана шу қутлуғ кунда Сизларни бугунги байрам билан чин дилдан самимий муборакбод этаман.
Ватанимизга муносиб ва ҳақли равишда фахрлана оладиган қуролли кучлар яратиш йўлида олиб борилаётган ишларингиз бардавом бўлсин.
Шу муносабат билан барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт, тинчлик-хотиржамлик, хизматларингизда ўлкан муваффақиятлар тилайман. Чегараларимиз дахлсиз, осмонимиз мусаффо бўлсин.
Яна бир бор байрамингиз муборак бўлсин, азиз Ватан ҳимоячилари!
Эътиборингиз учун раҳмат!
