1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни
2026-10-01 / Воқеалар тақвими
Жамиятнинг бугуни ва келажаги, унинг маданий-маърифий ва маънавий салоҳияти таълим тизимининг қай даражада ривожланганлиги билан белгиланади. Таълим-тарбия тизимидаги ислоҳотларнинг муваффақияти эса кўп жиҳатдан ўқитувчи ва мураббийларга боғлиқ. Шу сабабли мамлакатимизда ўқитувчи ва мураббийларнинг обрў-эътиборини янада ошириш, ёшларимизнинг биздан кўра билимли, кучли ва албатта бахтли бўлишлари учун барча шароитлар яратилмоқда.
Ҳар бир инсон, қаерда ишламасин, қандай касб эгаси бўлмасин, унга билим ва тарбия бериб, мустақил ҳаётга йўллаган инсонни ҳурмат билан эсга олади.
Мазкур байрам ўқитувчилар ва мураббийлар меҳнатини шарафлаш айёмидир. Шу куни ўқув юртларида ўқитувчилар, корхоналарда эса мураббийлар ва устозлар меҳнати улуғланади.
Мураббийлар ҳам худди ўқитувчилар сингари катта маҳорат ва ҳаёт тажрибасига эга бўлган устоз-педагоглардир. Моҳир мураббийлар қўл остида кўплаб ишлаб чиқариш усталари, илғор мутахассислар, меҳнат қаҳрамонлари, тадбиркорлар етишиб чиқади.
