Фарғона туманидаги “Каптархона” маҳалласи – эзгу ташаббуслар маҳалласи
2025-07-22 11:25:00 / Янгиликлар

Фарғона тумани чегарасида жойлашган “Каптархона” маҳалла фуқаролар йиғинида 658 та оилада 2018 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳалланинг асосий драйвери боғдорчилик ва деҳқончилик ҳисобланади.
Таъкидлаш ўринлики, сўнгги йилларда “Маҳалла еттилиги” ва маҳалла фаолларининг ўзаро ҳамжиҳатлиги туфайли ҳудудда кўплаб ижобий ўзгаришлар амалга оширилди.
Бу борадаги изчил саъй-ҳаракатлар самараси натижасида яқинда давлат-хусусий шериклик тамойили асосида “маҳалла еттилиги” учун 3 қаватли янги бино қуриб битказилди. Шу тариқа замонавий шароитларга эга бинода барча қулайликлар муҳайё этилди. Бу эса аҳолига намунавий хизмат кўрсатиш ҳамда муаммоларни тез ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда.
– Давлатимиз раҳбарининг маҳаллага эътибори, халқ билан яқин мулоқотга асосланган ислоҳотлари барча ютуқларимизнинг амалий самарасидир, – дейди маҳалла раиси Сарварбек Ёқубжонов. – Янги бино, яхшиланган шароит ва ижтимоий дастурлар халқимизнинг ҳаётини енгиллаштиришга хизмат қилмоқда. Бунинг учун “маҳалла еттилиги” масъулиятни жиддий ҳис этган ҳолда ишламоқда. Энг асосийси, маҳалладошларимизнинг фаоллиги ва бирдамлиги туфайли бундай юксак натижаларга эришиляпти.
Маҳалла ёшлари азалдан турли спорт йўналишларида фаол иштирок этиб, нафақат вилоят, балки республика босқичларида ҳам фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда. Бу ютуқлар ёшларнинг соғлом турмуш тарзига интилиши ва фаол фуқаролик позициясини шакллантиришда муҳим ўрин тутади.
Айни пайтда маҳаллада инфратузилма хизматлари сифати ҳам босқичма-босқич яхшиланмоқда. Ҳудудда ичимлик суви таъминоти 100 фоизга етказилди. Ўтган йили 3,2 км ички йўллар асфальтланиб, носоз кўчалар қолмади. Шу билан бирга, “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида икки марта ғолиблик қўлга киритиб, маҳалла ҳар жиҳатдан ободонлаштирилди. Ҳозирда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси ғолиби сифатида 1 млрд. 800 млн. сўм маблағ эвазига “Каптархона” оилавий шифокорлик пункти учун қўшимча бино қуриш режаси амалга оширилмоқда.
Шунингдек, маҳаллада ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар доимий эътиборда. Хотин-қизлар фаоли Муаттар Шунқорованинг қайд этишича, биргина ўтган йилнинг ўзида “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган 6 нафар хотин-қизларга субсидия асосида тикув машинаси ажратилиб, муқим даромад манбаига эга бўлишга эришилди.
– Яқингача иш изловчи эдим, давлатимизнинг эътибори ва рағбати туфайли энди иш берувчи тадбиркорман, – дейди Юлдузой Йўлдошева. – Бундай кўмак боис ўз хонадонимда кичик цех ташкил этиб, 10 нафар ишсиз аёлларни ишга олдим.
Ўз навбатида яқинда 2 нафар эҳтиёжманд оила томорқасига иссиқхона қуриб берилди. “Ёшлар дафтари”га киритилган ўнга яқин йигит-қизларнинг олий таълимдаги ўқиши учун контракт тўлови давлат томонидан қопланди. Бундай ёшларга субсидия асосида турли асбоб-ускуналар ажратилиб, бандлиги таъминланди.
Саҳифани Ботир МАДИЙОРОВ ва Алишер ШОКИРОВ тайёрлади.

