Фарғона туманида экологик барқарорлик ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди
2026-11-10 18:05:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Фарғона вилояти ҳудудий бўлими ҳамда “Хўқанди латиф келажаги” жамоат фонди ҳамкорлигида Фарғона туманининг “Хуроба” ва “Оқбилол” маҳаллаларида семинар-тренинглар ташкил этилди.
“Марказий Осиёда иқлим ва атроф-муҳит муаммолари сабабли ижтимоий-иқтисодий барқарорликка ҳудудий ечимларни қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбирларда 50 нафардан ортиқ нуронийлар, маҳалла фаоллари, хотин-қизлар ва ёшлар иштирок этди.
Семинарларда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, томорқа ерларида кам сув талаб қиладиган экинларни етиштириш, томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш ҳамда ичимлик суви ҳисоблагичларини ўрнатиш масалалари юзасидан амалий тавсиялар берилди.
Шунингдек, маҳаллаларни кўкаламзорлаштириш доирасида “Хуроба” МФЙда 750 туп, “Оқбилол” қишлоғидаги 56-сонли мактаб ҳудудида 120 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиш, мактаб ҳудудидаги 0,15 гектар майдонда малиназор ташкил этиш ташаббуслари илгари сурилди.
Ушбу ишларни ноябрь ойи давомида маҳалла аҳолиси билан ҳамкорликда амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Тадбир якунида “Хуроба” МФЙ аҳолиси вакиллари томонидан лойиҳа ташкилотчиларига туман ҳокими номидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.









