Тиббиёт муассасаларида рақамлаштириш тизими самарадорлиги ўрганилди
2026-11-10 17:00:00 / Янгиликлар

Фарғона тумани ҳокимининг рақамли технологиялар ва сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси Муҳаммадюсуф Хусанбоев томонидан туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли Кўп тармоқли марказий поликлиника ҳамда “Каптархона” оилавий шифокорлик пунктида рақамлаштириш тизимларининг амалдаги ҳолати ўрганилди.
Ўрганиш давомида беморларни рўйхатга олиш жараёни, электрон навбат тизимининг ишлаш самарадорлиги ҳамда тиббиёт муассасаларида жорий этилган D-Med ахборот тизимидан фойдаланиш ҳолатига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, рақамли хизматларнинг амалиётга татбиқ этилиши, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва беморларга кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини оширишда ахборот технологияларининг ўрни кўриб чиқилди.
Мазкур йўналишдаги ишлар тиббиёт муассасаларида ортиқча оворагарчиликларни камайтириш, аҳолига қулайлик яратиш ҳамда тиббий хизматлар кўрсатиш жараёнларини янада такомиллаштиришга қаратилган.









