Фарғона туманининг 9 ойлик ижтимоий-иқтисодий ривожланиш натижалари муҳокама қилинди
2026-10-28 22:00:00 / Матбуот анжуманлари

Фарғона тумани ҳокимлигида туман ҳокими Нодиржон Машрапов бошчилигида «2026 йил 9 ойи: ижтимоий-иқтисодий натижалар, туман ривожининг асосий натижалари, мавжуд масалалар ва йил якунига қадар вазифалар» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда тумандаги корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, маҳалла раислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этди.
Матбуот анжуманида 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида туманда амалга оширилган ишлар, эришилган иқтисодий натижалар, мавжуд масалалар ва йил якунига қадар бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Қайд этилганидек, ҳисобот даврида туманнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари бўйича ўсиш суръатларига эришилди. Жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2 275,6 миллиард сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 108,2 фоизга етди. Хизматлар кўрсатиш ҳажми 1 369,3 миллиард сўмни ташкил этиб, 117,3 фоиз ўсиш қайд этилди.
Қурилиш-пудрат ишлари ҳажми 1 082,5 миллиард сўмга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 134,1 фоизни ташкил этди. Туманда иқтисодий фаолликни ошириш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва янги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилган капитал қўйилмалар ҳажми эса 2 658 миллиард сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 166,8 фоизга етди.
Шунингдек, чакана савдо айланмаси 834,9 миллиард сўмни, экспорт ҳажми эса 22,4 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Экспорт кўрсаткичи бўйича 137,2 фоизлик ўсиш суръати қайд этилди.
Ушбу кўрсаткичлар туманда саноат, хизматлар, қурилиш, инвестиция ва ташқи савдо йўналишларида иқтисодий фаолликни янада ошириш учун мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш муҳимлигини кўрсатади.
Анжуман давомида иштирокчилар томонидан берилган саволларга тегишли масъуллар томонидан жавоблар берилиб, соҳалар кесимида амалга оширилаётган ишлар юзасидан тушунтиришлар тақдим этилди.
Йиғилиш якунида йил охиригача белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, иқтисодий кўрсаткичлар ижросини таъминлаш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ишларни изчил давом эттириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Туман ҳокими томонидан масъул раҳбарларга тегишли йўналишлар бўйича аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Матбуот анжумани очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши юзасидан жамоатчиликни хабардор қилиш, мавжуд масалаларни муҳокама этиш ҳамда йил якунига қадар амалга ошириладиган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилди.






