РАСМИЙ МУНОСАБАТ
2026-10-17 15:00:00 / Расмий муносабатлар

Ижтимоий тармоқларда Фарғона тумани «Аввал» қишлоғидаги бозор яқинида айрим тадбиркорлар томонидан автомобиль йўли ёқасида транспорт воситалари ҳаракатига халақит берган ҳолда савдо-сотиқ қилинаётгани танқид қилинган видеомурожаат юзасидан Фарғона тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати қуйидагиларни маълум қилади.
Мазкур мурожаат туман ҳокимлиги томонидан назоратга олиниб, ҳолатни атрофлича ўрганиш ва муаммони бартараф этиш чораларини белгилаш мақсадида ишчи гуруҳ тузилди.
Айни вақтда ишчи гуруҳ томонидан автомобиль йўли ёқасида амалга оширилаётган савдо фаолиятининг транспорт воситалари ва пиёдалар ҳаракатига таъсири, шунингдек, савдо фаолиятининг белгиланган талаб ва тартибларга мувофиқлиги ўрганилмоқда. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда савдо фаолиятини тартибга солиш юзасидан масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда тегишли чораларни белгилаш ва тадбиркорлар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш кўзда тутилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 12 январдаги ПҚ-5-сонли қарори ижроси доирасида ишлаб чиқиладиган мастер-режага янги бозор ташкил этиш таклифини киритиш орқали мавжуд муаммони тизимли ҳал этиш, бозорни янги ва кенг ҳудудга кўчириш ҳамда аҳоли ва транспорт воситаларининг эркин ҳаракатланиши учун қулай шароит яратиш режалаштирилган.
Ўрганиш натижалари асосида муаммони бартараф этиш юзасидан тегишли чоралар кўрилади.
