Водилда сайёр қабул ва профилактик тадбирлар ташкил этилди
2026-10-17 17:00:00 / Янгиликлар

Фарғона вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари, полковник Д.П. Хўжақулов томонидан Фарғона тумани «Водил» маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли билан сайёр қабул ташкил этилди.
Унда маҳалла аҳолиси, фахрийлар, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшлар иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган масала ва муаммоларни очиқ баён этдилар. Фуқароларнинг ҳар бир мурожаати диққат билан тингланиб, уларни қонуний ҳал этиш юзасидан масъул ходимларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Сайёр қабул давомида маҳаллада жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, мавжуд муаммоларни барвақт аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, оилавий низоларнинг олдини олиш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш ва вояга етмаганлар билан манзилли ишлаш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек, ишсиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар билан профилактик тадбирларни ташкил этиш, гиёҳвандлик ва бошқа салбий иллатларга қарши курашиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, жамоат жойларида тартиб-интизомни сақлаш, хонадонлар хавфсизлиги ва мол-мулкни асраш юзасидан тушунтириш ишларини олиб бориш муҳимлиги таъкидланди.
Ушбу вазифаларни самарали амалга оширишда профилактика инспектори, маҳалла фаоллари, ёшлар ва хотин-қизлар билан ишловчи масъуллар, таълим муассасалари ҳамда бошқа тегишли ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.









