«Фарғона сув таъминот» АЖ Фарғона туман бўлимида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда ичимлик ва оқова сув хизматлари сифатини яхшилаш мақсадида давлат дастурлари асосида амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида
2026-10-12 09:00:00 / Янгиликлар

Фарғона туманида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, ичимлик ва оқова сув хизматлари сифатини яхшилаш борасида давлат дастурлари асосида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, «Водий агро-кластер» лойиҳаси доирасида ичимлик суви таъминоти тизимларини мукаммал таъмирлаш бўйича белгиланган режага асосан 20,7 км ичимлик суви тармоғини тортиш кўзда тутилган. Ушбу лойиҳа доирасида «Бўстон» ва «Ҳосилот» маҳалла фуқаролар йиғинлари (МФЙ) ҳудудларида фойдаланишга яроқсиз ҳолга келган ичимлик суви тармоқларини янгидан тортиш орқали реконструкция қилиш, монтаж ишларини бажариш ҳамда «Бўстон сув иншооти» ҳудудида лойиҳа асосида 1 та янги тик қудуқ қазиш ишлари амалга оширилмоқда. Ҳозирда траншея қазиш ишлари якунланиш арафасида.
Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида туман марказига яқин ҳудуддаги 6 та МФЙда истиқомат қилувчи 15 минг нафардан ортиқ аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланади.
Бундан ташқари, «Ташаббусли бюджет» дастури доирасида «Қурилиш» МФЙнинг Ҳамса кўчасида сув таъминотини яхшилаш мақсадида 4,4 км ичимлик суви тармоғини тортиш ва 1 та сув минорасини ўрнатиш ишлари амалга оширилди.
Шунингдек, «Улуғбек» МФЙ аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида «Чимён сув иншооти»дан 1 та иккинчи босқич насоси ўрнатилди. Бундан ташқари, 4,0 км ичимлик суви тармоғи ҳашар йўли билан ётқизилди. Натижада 350 дан ортиқ хонадон, 2 минг нафардан ортиқ аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланди.
«Ташаббусли бюджет» дастурининг 2026 йил 1-мавсуми доирасида «Қурилиш» МФЙнинг Қурилиш кўчасида ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 1 та тик қудуқ қазиш, ҳажми 25 м³ бўлган 1 та сув минорасини ўрнатиш ҳамда 1,5 км ичимлик суви тармоғини тортиш ишлари якунланди. Натижада 200 га яқин хонадон илк бор ичимлик суви билан таъминланди.
«Оғир» тоифадаги маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 15 сентябрдаги ПҚ-49-сон қарорига асосан, Фарғона тумани «Хуроба» МФЙнинг Бепаён кўчаси аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 1 та тик қудуқ қазиш ва 0,5 км ичимлик суви тармоғини тортиш ишлари амалга оширилди.
Мазкур қарорга асосан, Фарғона тумани «Гузар» МФЙ аҳолисининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 1 та ичимлик суви қудуғини қазиш ва 2 км ичимлик суви тармоғини тортиш ишлари лойиҳа асосида амалга оширилди.
2027 йилги ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига мувофиқ, Фарғона туманидаги «Зилол» ва «Саткак» МФЙ аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш режалаштирилган.
Мазкур дастур доирасида 2027 йилда «Зилол» МФЙ ҳудудида 1 та тик қудуқ қазиш, ҳажми 25 м³ бўлган 1 та сув минорасини ўрнатиш ҳамда 3,5 км ичимлик суви тармоғини тортиш режалаштирилган. «Саткак» МФЙ ҳудудида эса сув иншоотини қуриш ва 6,5 км ичимлик суви тармоғини тортиш ишлари лойиҳа асосида амалга оширилиши белгиланган.
Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида «Зилол» МФЙда 300 та, «Саткак» МФЙда эса 500 дан ортиқ хонадон илк бор ичимлик суви билан таъминланади.
Юқоридаги дастурлар ва лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида Фарғона туманида жами 1 780 та хонадон илк бор ичимлик суви билан таъминланиши, 15 минг нафардан ортиқ аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланиши кутилмоқда.
«Фарғона сув таъминот» АЖ Фарғона туман бўлими бошлиғи
Абдубаноп Тешабоев
