Кончилар маҳалласида долзарб масалалар ўрганилди
2026-10-05 22:30:00 / Янгиликлар

Халқ депутатлари Фарғона туман Кенгаши депутати Ф. Абдусаломов ҳамда Кенгаш котибият мудири Ш. Раҳимов томонидан Кончилар маҳалласида аҳоли ҳаётига дахлдор ҳамда маҳалла ривожи учун муҳим бўлган масалалар юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 11-сентябрдаги ПФ–193-сон Фармонида белгиланган вазифалар ижроси, хусусан, маҳалла еттилиги аъзоларига юклатилган топшириқларнинг бажарилиш ҳолати кўриб чиқилди.
Ўрганиш давомида маҳаллада камбағалликни қисқартириш, эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш, аҳолининг доимий даромад манбаларини шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди. Шунингдек, иш жараёнида юзага келаётган муаммоларни тезкор бартараф этиш ҳамда мавжуд масалаларни ҳал этишда зарур ҳолларда туман ва вилоят даражасидаги масъул раҳбарларни жараёнга жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Йил якунига қадар маҳаллада камбағаллик даражасини янада камайтириш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг барқарор даромад манбаларини шакллантириш бўйича маҳалла еттилиги ҳамда депутат ҳамкорлигини кучайтириш юзасидан келишиб олинди.
Шу билан бирга, ўрганиш давомида туман Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига киритилиши режалаштирилган масалалардан бири — Фарғона туманидаги географик объектларга ном бериш ёки уларни қайта номлаш тўғрисидаги таклифларнинг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги юзасидан ҳам ўрганиш олиб борилди.
Хусусан, Кончилар маҳалласи ҳудудидаги мавжуд номсиз кўчаларга «Каттабoғ» ҳамда «Уфқ» номларини бериш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Ўрганиш жараёнида мазкур таклифларнинг амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги, ҳудуднинг мавжуд номлари ва бошқа тегишли жиҳатлар ўрганиб чиқилди.
Ўрганишлар якунлари бўйича аниқланган масалалар юзасидан тегишли хулоса ва таклифлар шакллантирилиб, навбатдаги туман Кенгаши сессиясида муҳокама қилиш учун тақдим этилиши белгиланди.



