Пахта қабул қилиш масканларида тунги текширув ўтказилди
2026-10-05 20:35:00 / Янгиликлар

Пахта йиғим-терими мавсумида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, эҳтимолий ёнғинларнинг олдини олиш ҳамда мавжуд хавфсизлик чораларини кучайтириш мақсадида пахта қабул қилиш масканларида тунги текширув ўтказилди.
Текширув Фарғона вилояти ФВБ масъули ҳамда Фарғона тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими масъуллари томонидан ташкил этилди. Унда пахта қабул қилиш масканларининг ёнғин хавфсизлиги ҳолати, мавжуд талабларнинг бажарилиши ҳамда ёнғин келиб чиқишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар атрофлича кўздан кечирилди.
Хусусан, пахта йиғим-теримига жалб этилган техникаларнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги, уларда учқун сўндиргичлар мавжудлиги, шунингдек, ёнғинга қарши сув таъминоти тизимининг ҳолати ўрганилди.
Текширув давомида аниқланган ҳолатлар юзасидан масъулларга тегишли тавсиялар берилиб, ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этишнинг муҳим жиҳатлари тушунтирилди.
Шунингдек, маскан ишчи-ходимларига ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилиш, ёнғин хавфи юзага келганда тўғри ҳаракат қилиш ҳамда бирламчи ёнғин ўчириш воситаларидан тўғри ва самарали фойдаланиш бўйича йўриқнома берилди.









