Фарғона тумани ҳокими Нодиржон Машраповнинг 1 октябрь — «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан ТАБРИГИ
2026-10-01 08:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, ҳурматли устоз ва мураббийлар!
Қадрли таълим фидойилари!
Бугун сиз азизлар билан 1 октябрь — “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” умумхалқ байрами арафасида учрашиб турганимдан ғоят мамнунман.
Фурсатдан фойдаланиб, сизларни ва туманимизда меҳнат қилаётган барча фидойи педагогларни ушбу қутлуғ айём билан самимий муборакбод этаман.
Азиз устозлар!
Юртимизда Президентимиз ташаббуслари билан илгари сурилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақияти, мамлакатимизнинг дунёдаги ривожланган ва замонавий давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши, аввало, илм-фан ва таълим-тарбия соҳасининг тараққиёти билан чамбарчас боғлиқ.
Бугунги кунда таълим тизимида амалга оширилаётган янгиланишлар, яратилаётган шарт-шароитлар ва педагоглар меҳнатини муносиб қадрлашга қаратилаётган эътибор ўз самарасини бермоқда.
Бунинг ёрқин ифодаси сифатида туманимиз таълим тизимида қўлга киритилаётган салмоқли натижаларни алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Фарғона тумани таълим тизими самарадорлигини баҳолаш бўйича KPI кўрсаткичларида 80 баллни қўлга киритиб, вилоят миқёсида 1-ўринни эгаллагани барчамиз учун юксак фахр ва катта қувонч бағишлайди.
Бу натижа замирида, аввало, ўз касбига садоқат билан ёндашиб, ҳар бир дарсини масъулият ва изланиш асосида ташкил этаётган, фарзандларимиз келажаги учун сидқидилдан меҳнат қилаётган педагогларнинг улкан ҳиссаси бор.
Айниқса, Ўзбекистонда илк бор ўтказилган “Йил ўқитувчиси” танловида Фарғона вилояти устозларининг юксак касбий маҳорати, билим ва тажрибаси яна бир бор муносиб эътироф этилгани барчамизни қувонтирди.
Қувонарлиси, мазкур нуфузли танловда туманимиздаги 58-умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Нилуфар Холматова муносиб иштирок этиб, 50 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотига сазовор бўлди. Бу нафақат Нилуфар Холматованинг шахсий ютуғи, балки туманимиз таълим тизими, устозларимиз ва шогирдларимиз учун ҳам катта ғурур ва эътирофдир.
Бундай натижалар бизга бир ҳақиқатни яна бир бор кўрсатмоқда: таълимда эришилаётган ҳар бир ютуқ ортида фидойи устознинг машаққатли меҳнати, изланиши ва юксак масъулияти мужассам.
Ҳурматли устозлар!
Сизларнинг зиммангиздаги вазифа оддий касбий бурч эмас. Сизлар ёш авлодга нафақат фан сирларини ўргатасиз, балки уларнинг дунёқараши, маънавияти, Ватанга муҳаббати, миллий қадриятларга ҳурмати ва ҳаётда ўз ўрнини топишига йўл кўрсатасиз.
Фурсатдан фойдаланиб, туманимизда таълим сифатини ошириш, ёшларни билимли ва баркамол инсонлар этиб тарбиялаш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган барча педагогларга самимий миннатдорлик билдираман.
Сизларга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман. Машаққатли, аммо шарафли фаолиятингизда доимо куч-ғайрат, илҳом ва омад ҳамроҳ бўлсин. Шогирдларингизнинг ютуқлари, уларнинг камоли ва меҳнати самарасини кўриш бахти сизларга ҳамиша насиб этсин.
Касб байрамингиз қутлуғ бўлсин, азиз устозлар!
Доимо эъзоз ва эҳтиромда бўлинг!


