Фарғона туманида UzKOSMOS орқали аниқланган ноқонуний чиқиндихона бартараф этилди
2026-09-11 16:15:00 / Янгиликлар

Фарғона вилояти Экология бош бошқармаси давлат инспекторлари томонидан “UzKOSMOS” агентлиги орқали сунъий йўлдошдан олинган маълумотлар асосида Фарғона туманининг “Янги аср” МФЙ ҳудудида, Кардиология шифохонаси орқасида жойлашган ер майдони ўрганилди.
Ўрганиш давомида мазкур ҳудудга турли хил қурилиш ва маиший чиқиндилар ноқонуний равишда ташлангани, натижада белгиланмаган жойда чиқиндихона юзага келгани аниқланди.
Ҳолат юзасидан тегишли чоралар кўрилиб, ноқонуний чиқиндихона бартараф этилди ҳамда ҳудуд чиқиндилардан тозаланди.
Шунингдек, чиқиндиларни белгиланмаган жойга ташлаган фуқаро Ф.Т.га Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 91-моддаси 1-қисми билан 3 миллион 80 минг сўм миқдорида жарима қўлланилди.
Атроф-муҳитни асраш, чиқиндиларни белгиланган жойларга ташлаш ва ҳудудлар ободонлигига риоя қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш табиатга, ҳудуд ободонлигига ҳамда аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатади.






