Фарғонада чиқиндилар энергия манбаига айланади
2026-09-10 20:30:00 / Янгиликлар

Фарғона вилояти чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Бузруков Лутфулла Фарғона тумани “Оқбилол” МФЙ ҳудудида қурилаётган чиқиндиларни қайта ишлаш заводи билан танишди.
Шунингдек, завод ҳудудидаги қурилиш ишлари кўздан кечирилиб, ишчиларнинг техника хавфсизлиги ва меҳнат қонунчилигига риоя этилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Айни вақтда завод қурилиши билан бирга Хитойдан зарур дастгоҳ-ускуналар ва эҳтиёт қисмлар ҳам олиб келинмоқда. Уларни тўғри сақлаш ва эҳтиёткорлик билан жойлаштириш бўйича ҳам масъулларга тавсиялар берилди.
Мазкур лойиҳага Хитойнинг “China Everbright International Ltd.” компанияси томонидан 141,5 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб этилган. Завод йилига 547 минг тонна чиқиндини қайта ишлаш ва 227,5 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиши режалаштирилган.




