«Дамкўл» маҳалласида янги поликлиника фойдаланишга топширилди
2026-09-09 19:00:00 / Янгиликлар

Фарғона туманининг «Дамкўл» маҳалла фуқаролар йиғинида ҳомийлар кўмагида 1,2 миллиард сўм маблағ эвазига барпо этилган замонавий поликлиника биноси фойдаланишга топширилди.
Тиббиёт масканининг тантанали очилиш тадбирида Фарғона тумани ҳокими Нодиржон Машрапов, ҳоким ўринбосарлари, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида янги поликлиниканинг имкониятлари билан танишилиб, рамзий лента қирқилди. Шунингдек, тиббий ёрдамга муҳтож фуқароларга уйида хизмат кўрсатиш учун ажратилган махсус «Дамас» автомашинаси ҳам тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Янги тиббиёт маскани 5 та маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 12 минг нафардан ортиқ аҳолига бирламчи тиббий-санитария хизматларини бевосита маҳалланинг ўзида кўрсатиш имконини беради. Авваллари фуқаролар малакали тиббий хизмат ва мураккаб текширувлардан ўтиш учун узоқ ҳудудий поликлиникаларга мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Муассаса ЛОР комбайн, автомат биокимё анализатори, замонавий микроскоплар, гинекологик кресло ва шифокор тўпламлари ҳамда ЭКГ аппаратлари каби замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланди.
Шунингдек, тор соҳа мутахассисларининг сайёр қабулларини ташкил этиш, профилактик кўрикларни ўтказиш ва доимий парваришга муҳтож фуқароларга уйида тиббий хизмат кўрсатиш учун зарур шароитлар яратилди.
Поликлиника фаолиятини рақамлаштириш мақсадида муассаса компьютер жамланмалари, планшетлар, инфокиоска ва мониторлар билан ҳам жиҳозланди.
Тадбир якунида йиғилганлар учун дастурхон атрофида байрам дастури ташкил этилиб, янги тиббиёт масканининг маҳалла аҳолиси учун хизмат қилиши эзгу тилаклар билан таъкидланди.









