Аҳоли бандлигини таъминлаш — устувор вазифа
2026-08-29 23:25:00 / Янгиликлар

Халқ депутатлари Фарғона туман Кенгаши депутати Озодахон Дадажонова ҳамда Кенгаш котибияти бош мутахассиси Абдуҳамид Эминжонов томонидан “Наврўз” маҳалласида ҳоким ёрдамчисининг фаолияти депутатлик назорати тартибида ўрганилди.
Ўрганиш давомида ҳоким ёрдамчисининг аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда фуқароларга амалий кўмак кўрсатиш борасидаги фаолияти таҳлил қилинди.
Жумладан, тикувчилик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида имтиёзли кредит маблағларидан фойдаланган тадбиркор Алимова Зарнигорнинг фаолияти билан яқиндан танишилди.
Ҳоким ёрдамчиси кўмагида ажратилган имтиёзли кредит ҳисобидан тадбиркор томонидан миллий кийимлар ишлаб чиқариш ва тикиш фаолияти йўлга қўйилган. Бугунги кунда лойиҳа доирасида ишлаб чиқариш жараёнлари изчил давом эттирилмоқда.
Эътиборлиси, мазкур лойиҳа натижасида маҳалланинг 5 нафар фуқароси доимий иш билан таъминланган. Бу эса имтиёзли кредит маблағларидан самарали фойдаланиш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш борасидаги ишларнинг амалий ифодасидир.
Ўрганиш якунлари бўйича тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, янги лойиҳаларни ишга тушириш ва яратилган иш ўринларининг барқарорлигини таъминлаш борасидаги фаолиятни янада кучайтириш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.


