Электр таъминотини яхшилаш йўлида амалий ишлар давом этмоқда
2026-08-25 19:00:00 / Янгиликлар

Ҳудудларда электр таъминотининг барқарорлигини таъминлаш, мавжуд тармоқларнинг имкониятларини кенгайтириш ҳамда мавсумий юкламаларга пухта тайёргарлик кўриш борасидаги амалий ишлар изчил давом этмоқда.
Ана шундай навбатдаги ишлар Фарғона туманининг “Марғилон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида амалга оширилди.
Маҳалладаги 1295-сонли трансформатор пунктининг қуввати 100 кВА дан 400 кВА га оширилди. Бунинг учун мавжуд трансформатор юқори қувватли замонавий трансформаторга алмаштирилди.
Натижада трансформатор пунктининг электр юкламасини кўтариш имконияти 4 баробарга ошди. Бу эса ҳудуддаги истеъмолчиларнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини янада ишончли қондириш, тармоқдаги юкламани камайтириш ва электр таъминотининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Айниқса, мавсумий юкламалар ортиб бораётган бир пайтда амалга оширилган мазкур иш маҳалла аҳолиси учун муҳим аҳамият касб этади.
Бундай амалий ишлар вилоятимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам изчил давом эттирилиб, электр тармоқларининг имкониятларини кенгайтириш ва истеъмолчиларга янада сифатли хизмат кўрсатиш чоралари кўрилмоқда.



