Фарғона туманида “Гендер тенглиги: ҳуқуқ ва имкониятлар” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди
2026-08-19 15:55:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 20 июлдаги “Самарқанд шаҳрида Парламентлараро иттифоқ билан ҳамкорликда ўтказиладиган халқаро тадбирларни юқори савияда ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ф-40-сонли Фармойишининг 2-бандида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда “Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги” доирасида Фарғона вилояти туман ахборот-кутубхона марказида “Гендер тенглиги: ҳуқуқ ва имкониятлар” мавзусида ўқув семинари ташкил этилди.
Тадбир Фарғона вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамда Фарғона тумани Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамкорлигида ўтказилди.
Семинарда вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси мутахассислари ва экспертлари, Фарғона тумани маҳаллаларидаги хотин-қизлар фаоллари, аҳоли вакиллари ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида гендер тенглигини таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, уларнинг жамиятдаги ижтимоий фаоллигини ошириш, таълим ва меҳнат соҳасидаги тенг имкониятларини таъминлаш, шунингдек, оилаларда соғлом ва тенг ҳуқуқли муносабатларни шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
Вилоят мутахассислари ва экспертлари томонидан гендер тенглиги, хотин-қизларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш юзасидан тушунтириш ва тавсиялар берилди.
Семинар якунида иштирокчилар ўртасида мавзу юзасидан фикр алмашилиб, гендер тенглигини таъминлаш борасидаги тарғибот-тушунтириш ишларини маҳаллаларда янада кучайтириш бўйича таклифлар билдирилди.




