Янги ўқув йили кўтаринки руҳда бошланди
2026-09-02 14:35:00 / Янгиликлар

Янги ўқув йили Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мактаб ўқувчилари ҳамда устоз-мураббийларга йўллаган табриги билан янада кўтаринки руҳда бошланди.
Бугун Фарғона туманидаги барча таълим муассасаларида “Биринчи қўнғироқ” — Билимлар куни тадбирлари ўқувчи-ёшлар, устоз ва мураббийлар ҳамда ота-оналар иштирокида кўтаринки кайфиятда ташкил этилди.
Фарғона туманидаги 55-умумий ўрта таълим мактабида ҳам янги ўқув йилининг бошланишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда Фарғона тумани ҳокими Нодиржон Машрапов, жамоатчилик вакиллари, ўқувчи-ёшлар, устоз ва мураббийлар ҳамда ота-оналар иштирок этди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. Шундан сўнг Президентнинг мамлакатимиз мактаблари ўқувчилари ва устоз-мураббийларига йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилди.
Янги ҳаёт остонасига қадам қўйган биринчи синф ўқувчиларига 12 турдаги ўқув қуроллари жамланмаси ҳамда давлат рамзи туширилган брелокдан иборат “Президент совғаси” тантанали равишда топширилди.
Шундан сўнг янги ўқув йилининг рамзий бошланишини ифода этувчи илк қўнғироқ жаранглаб, мактабларда дарс машғулотлари бошланди.
Янги ўқув йили барчага янги билим, улкан марралар ва ёрқин муваффақиятлар олиб келсин!









