Депутат сайловчилар олдида ҳисобот берди
2026-08-07 19:00:00 / Янгиликлар

Халқ депутатлари Фарғона туман Кенгаши депутати Дадажонова Озодахон Адиловна сайловчилар билан учрашиб, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган депутатлик фаолияти юзасидан ҳисобот берди.
Учрашув давомида депутатнинг туман Кенгаши сессиялари ва доимий комиссиялари фаолиятидаги иштироки, сайловчилар мурожаатлари билан ишлаш ҳамда депутатлик назоратини амалга ошириш борасидаги ишлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, ҳисобот даврида туман Кенгашининг 23 нафар депутати томонидан юборилган 71 та депутатлик сўровининг 31 таси депутат Дадажонова Озодахон Адиловна томонидан киритилгани алоҳида таъкидланди.
Мазкур депутатлик сўровлари орқали ичимлик суви, электр ва газ таъминоти, ички йўлларни таъмирлаш, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, бандлик ҳамда ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги муаммоларни ҳал этиш бўйича амалий ишлар олиб борилаётгани қайд этилди. Шунингдек, депутат ташаббуси билан "Ҳосилот" маҳалласидаги Чимён кўчаси ҳамда "Дилкушо" маҳалласидаги Исломобод кўчаси 2026 йилги жорий таъмирлаш дастурига киритилгани ва ишлар депутатлик назоратида экани маълум қилинди.
Учрашув якунида сайловчиларнинг таклиф ва мурожаатлари тингланиб, уларни амалдаги қонунчилик асосида ҳал этиш ҳамда зарур ҳолларда тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари юбориш ишлари изчил давом эттирилиши таъкидланди.



