“Шоҳимардон – Ёрдон” халқаро курорт зонасини ривожлантириш ишлари жадал давом этмоқда
2026-08-03 17:15:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 12 январдаги “Фарғона” туристик-рекреацион зонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги ПҚ–5-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Фарғона вилоятида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур қарорга мувофиқ, “Шоҳимардон – Ёрдон” умуммавсумий халқаро курорт зонасини ташкил этиш бўйича бошқарма ва ташкилотлар раҳбарларидан иборат доимий вилоят ишчи гуруҳи шакллантирилиб, белгиланган вазифалар асосида тизимли фаолият йўлга қўйилди.
Шунингдек, малакали лойиҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда Шоҳимардон маҳалла фуқаролар йиғини биносида “Шоҳимардон – Ёрдон лойиҳа офиси” ташкил этилиб, унинг самарали фаолияти йўлга қўйилди. Бу эса ҳудудни замонавий туризм марказига айлантириш борасидаги ишларни янада жадаллаштиришга хизмат қилмоқда.
“Фарғона” туристик-рекреацион зонаси учун ишлаб чиқилган мастер режа асосида ҳудуддаги аниқ жой ва нуқталар белгилаб олиниб, йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, пиёдалар йўлаклари, имконияти чекланган фуқаролар учун қулай инфратузилма, велосипед йўлаклари, замонавий тунги ёритиш тизимлари ҳамда бошқа зарур объектларни барпо этиш чоралари кўрилмоқда.
Бундан ташқари, “Шоҳимардон – Ёрдон” ҳудудида ҳуқуқий ҳужжатларсиз ноқонуний эгаллаб олинган ер участкалари ва бино-иншоотлар хатловдан ўтказилиб, ўрганиш натижаларига кўра амалдаги қонунчилик асосида тегишли ишлар ташкил этилмоқда.
Фарғона вилояти ҳокимининг мақсадли топшириқлари асосида ушбу йўналишда вилоят Туризм бошқармаси ходимлари алоҳида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатиб, ҳудуднинг туризм салоҳиятини янги босқичга олиб чиқиш йўлида самарали меҳнат қилмоқда.
“Шоҳимардон – Ёрдон” — замонавий туризм, қулай инфратузилма ва жозибадор инвестицион муҳит сари муҳим қадам!




