“Ҳосилот” маҳалласида маҳалла еттилиги фаолияти ўрганилди
2026-08-01 21:35:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Дилбархон Мамаджанова Фарғона туманида олиб борган ўрганишлари доирасида "Ҳосилот" маҳалла фуқаролар йиғини еттилиги фаолияти билан танишиб, маҳалла фаоллари билан мулоқот ўтказди.
Ўрганиш давомида Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ЎРҚ–350-сон Қонуни ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Хусусан, маҳалла еттилиги аъзоларининг ўз фаолият йўналишлари бўйича олиб бораётган ишлари, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, ижтимоий муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш ҳамда ҳудудни ривожлантириш борасидаги фаолияти муҳокама қилинди.
Ўрганиш якунида аниқланган айрим камчиликларни бартараф этиш, маҳалла тизими фаолияти самарадорлигини янада ошириш ва белгиланган вазифаларни сифатли амалга ошириш юзасидан масъулларга тегишли тавсия ҳамда кўрсатмалар берилди.




