РАСМИЙ МУНОСАБАТ
2026-07-25 10:00:00 / Расмий муносабатлар

Ижтимоий тармоқларда Фарғона тумани «Шоҳимардон–Ёрдон» ҳудудидаги булоқ суви манбасида сув ҳавзаси (бассейн) қурилиши юзасидан тарқалган видеомурожаат ҳамда унда билдирилган ҳолатлар ваколатли ташкилотлар томонидан ўрганилди.
Ўрганиш давомида ҳудудда сув ҳавзаси (бассейн) барпо этилгани ҳамда унга сув табиий сой оқимидан келиб тушиб, чиқиш қисмидан қувур орқали яна ўз йўналишида оқиб кетаётгани аниқланди. Ҳозирги кунга қадар мазкур сув ҳавзасида фуқароларнинг чўмилиши ҳолатлари қайд этилмаган.
Шунингдек, видеомурожаатда қурилиш ишлари натижасида ичимлик суви ифлосланиши, санитария-эпидемиологик хавф юзага келиши, дарахтлар кесилиши ҳамда экологик меъёрлар бузилгани юзасидан хавотирлар билдирилган. Мазкур ҳолатлар бўйича ваколатли идоралар томонидан ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда. Ичимлик суви сифати, санитария талабларига риоя этилиши ҳамда экологик хавфсизлик билан боғлиқ масалалар қонунчилик талабларидан келиб чиқиб тегишли тартибда баҳоланади.
Ўрганиш жараёнида қурилиш ишларини амалга ошираётган шахсдан объектга оид лойиҳа ҳужжатлари, ер ажратилиши, қурилишга рухсат берувчи ҳужжатлар ҳамда экологик ва санитария хулосалари сўралган. Дастлабки ўрганиш вақтига қадар мазкур ҳужжатлар тақдим этилмагани қайд этилган.
Бундан ташқари, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида сув ўзанини ўзбошимчалик билан ўзгартириш ҳамда муҳофаза этиладиган ҳудудда белгиланган тартибга зид равишда фаолият олиб бориш ҳолатлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 82-моддаси 2-қисмига асосан ҳуқуқбузарга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жазо чораси қўлланилган.
Ижтимоий тармоқларда объектнинг айрим мансабдор шахсларга тегишли экани ҳақидаги маълумотлар ҳам тарқалган. Мазкур маълумотлар ҳозирги кунга қадар ўзининг расмий тасдиғини топмаганлиги сабабли уларга ҳуқуқий баҳо бериш учун асос мавжуд эмас.
Таъкидлаш жоизки, ваколатли органлар томонидан мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда. Текширув якунлари бўйича аниқланган барча ҳолатларга қонунчилик талабларига мувофиқ ҳуқуқий баҳо берилади ҳамда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда айбдор шахсларга нисбатан белгиланган тартибда қонуний чоралар кўрилади.
Фуқароларнинг экологик хавфсизлик, ичимлик суви манбаларини муҳофаза қилиш ҳамда атроф-муҳитни асраш юзасидан билдираётган мурожаатлари ваколатли органлар томонидан доимий эътиборда бўлиб, ҳар бир мурожаат қонунчилик асосида холис ва ҳар томонлама кўриб чиқилади.


