«Аввал» маҳалласида «Туризм қишлоғи»ни барпо этиш ишлари жадаллашмоқда
2026-07-21 18:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фарғона туманида туризм-рекреацион ҳудудини ташкил этиш тўғрисидаги ПҚ–5-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида туманнинг «Аввал» маҳалласида «Туризм қишлоғи»ни барпо этиш бўйича амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Навбатдаги ўрганиш ва муҳокама жараёнларида Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Хуршиджон Ахмедов, Фарғона тумани ҳокими Нодиржон Машрапов, вилоят архитектура ва қурилиш соҳаси мутахассислари, ишчи гуруҳ аъзолари, Туризм дирекцияси вакиллари, маҳаллий тадбиркорлар ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этди.
Ўрганиш давомида ҳудудда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, туристик инфратузилмани ривожлантириш, меҳмонлар учун замонавий ва қулай шароитлар яратиш, миллий анъана ва қадриятларни акс эттирувчи масканларни барпо этиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ҳудуднинг меъморий қиёфасини янада такомиллаштириш, инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш юзасидан масъулларга тегишли тавсия ҳамда топшириқлар берилди.
Мазкур лойиҳа ҳудуднинг туризм салоҳиятини юксалтириш, янги иш ўринларини яратиш, замонавий инфратузилмани шакллантириш ва маҳаллий аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. «Туризм қишлоғи»ни барпо этиш бўйича бунёдкорлик ишлари белгиланган режа асосида изчил давом эттирилмоқда.



