Фарғона туманида электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кучайтирилди
2026-07-21 08:05:00 / Янгиликлар

Кузатилаётган жазирама иссиқ об-ҳаво туфайли электр тармоқларига тушаётган юклама ортиб бораётгани муносабати билан Фарғона тумани ҳокими Нодиржон Машрапов Фарғона туман электр таъминоти корхонаси ходимлари билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш, мавжуд тармоқларни мустаҳкамлаш, электр энергиясидан оқилона фойдаланиш ҳамда истеъмолчиларга узлуксиз хизмат кўрсатишни таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди. Шунингдек, амалга оширилаётган ишлар жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
Хусусан, туманнинг «Саноат» маҳалласидаги 805-сонли ҳамда «Гулистон» маҳалласидаги 948-сонли трансформатор пунктларида техник кўрик ва профилактик ишлар олиб борилди.
Ўрганишлар давомида аниқланган техник камчиликлар бартараф этилиб, амалга оширилган ишлар натижасида электр энергияси йўқотишлари 20,3 фоиздан 17,7 фоизгача камайтирилди.
Айни пайтда Фарғона туманида электр тармоқлари ва трансформатор пунктларида профилактик ҳамда модернизация ишлари изчил давом эттирилмоқда.



