Фарғона туманида ёшлар билан сайёр қабул ва очиқ мулоқот ташкил этилди
2026-07-18 20:35:00 / Очиқ мулоқотлар

Бугун Республика ишчи гуруҳи томонидан Фарғона туманида ёшларнинг муаммоларини ўрганиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда мурожаатларига амалий ечим топиш мақсадида сайёр қабул ва очиқ мулоқот ташкил этилди.
Очиқ мулоқотда туманнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 100 нафардан ортиқ ёшларнинг мурожаат ва таклифлари тингланди. Мулоқот давомида ёшлар томонидан бандликни таъминлаш, касб-ҳунар эгаллаш, имтиёзли кредит ва субсидиялар олиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, таълим, уй-жой, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда бошқа долзарб масалалар юзасидан мурожаатлар билдирилди.
Ҳар бир мурожаат тегишли вазирлик ва идоралар, мутасадди ташкилотлар ҳамда масъул раҳбарлар иштирокида батафсил кўриб чиқилди.
Мурожаатларнинг бир қисми жойида ижобий ҳал этилган бўлса, қўшимча ўрганишни талаб этадиган масалалар юзасидан аниқ муддатлар белгиланган ҳолда масъулларга топшириқлар берилди.
Таъкидланганидек, бундай сайёр қабуллар ёшларнинг муаммоларини бевосита жойларда ўрганиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳаётий масалаларига амалий ечим топишда муҳим аҳамият касб этади. Республика ишчи гуруҳи томонидан бу каби очиқ мулоқотлар ҳудудларда изчил давом эттирилади.








