Ижтимоий реестрдаги оилалар фарзандлари ёзги оромгоҳга кузатилди
2026-07-01 18:05:00 / Янгиликлар

Фарғона тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан “Ижтимоий реестр”га киритилган оилаларнинг 80 нафар фарзанди 12 кунлик мазмунли дам олиш учун Фарғона тумани “Лоғон” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Билимдон” болалар оромгоҳига юборилди.
Шу муносабат билан Фарғона тумани ҳокимлигида болаларни ёзги дам олиш масканига кузатиш маросими ташкил этилди. Тадбирда туман ҳокими ўринбосари Илҳомжон Тошпўлатов иштирок этиб, болажонларга ёзги таътилни мазмунли, хавфсиз ва мароқли ўтказиш бўйича самимий тилакларини билдирди.
Учинчи мавсум доирасида ташкил этилган оромгоҳда болаларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган бўлиб, улар учун маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари, ижодий машғулотлар ҳамда турли кўнгилочар дастурлар ташкил этилиши режалаштирилган.









