Ҳуқуқий ёрдамга муҳтож хотин-қизлар билан давра суҳбати ўтказилди
2026-06-28 17:35:00 / Очиқ мулоқотлар

Фарғона тумани ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Хамидахон Абдуғаниева, туман Адлия бўлими бошлиғи Сарварбек Маҳкамов ҳамда туман бош отинойиси Д. Турдалиева иштирокида “Ёрдон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 2-сонли умумий ўрта таълим мактабида ҳуқуқий ёрдамга муҳтож хотин-қизлар билан давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбир Вазирлар Маҳкамасининг 145-сон ва 239-сон қарорлари асосида ҳуқуқий ёрдамга муҳтож 5 тоифага киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда давлат томонидан яратилаётган имкониятлар ҳақида хабардорлигини таъминлаш мақсадида ўтказилди.
Давра суҳбати давомида иштирокчиларга амалдаги қонунчиликда белгиланган ҳуқуқ ва имтиёзлар, давлат томонидан кўрсатилаётган ижтимоий, ҳуқуқий ва иқтисодий қўллаб-қувватлаш чоралари юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, хотин-қизларнинг мурожаат ва таклифлари тингланиб, уларни қизиқтирган масалалар бўйича ҳуқуқий маслаҳат ҳамда амалий тавсиялар берилди.
Тадбир якунида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни изчил давом эттириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.




