Таълим муассасасида “Долзарб 90 кун” тадбирлари доирасида ўрганиш ўтказилди
2026-06-26 15:00:00 / Янгиликлар

Халқ депутатлари Фарғона туман Кенгаши котибияти мудири Ш. Раҳимов, ҳудуд депутати Ф. Абдусаломов ҳамда котибият бош мутахассиси А. Эминжонов томонидан Кончилар маҳалласи ҳудудидаги 17-сонли мактабда назорат-ўрганиш ишлари олиб борилди.
Мазкур ўрганиш туман Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига киритиладиган, таълим муассасаларида ёшларнинг ёзги таътил даврини мазмунли ва самарали ташкил этишга қаратилган “Долзарб 90 кун” тадбирлари доирасида амалга оширилди.
Ўрганиш давомида мактабда ногиронлиги бўлган ўқувчилар учун яратилган шароитлар, хусусан, махсус хоналар, пандуслар ва ҳаракатланиш йўлакларининг ҳолати кўздан кечирилиб, уларни таъмирлаш ҳамда зарур жиҳозлар билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, мазкур таъмирлаш ишларини “Инфратузилма ва ижтимоий барқарорлик” жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириш имкониятлари атрофлича ўрганилиб, амалий чора-тадбирларни белгилаш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқилди.
Ўрганиш якунлари асосида тайёрланган маълумотлар Халқ депутатлари Фарғона туман Кенгашининг навбатдаги сессиясида муҳокама қилинади ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш, таълим муассасаларида яратилаётган шароитларни янада яхшилаш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинади.



