Хитойлик инвесторлар билан истиқболли саноат лойиҳаси муҳокама қилинди
2026-06-24 19:30:00 / Янгиликлар

Фарғона тумани ҳокими Нодиржон Машрапов туманга хорижий инвестицияларни жалб этиш, саноат салоҳиятини ошириш ҳамда янги иш ўринларини яратиш мақсадида Jiangxi Shiyun New Materials Co., Ltd. делегацияси билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида компания вакиллари ISO 9001:2015 халқаро стандарти асосида замонавий мебелсозлик ва қурилиш соҳаларида кенг қўлланиладиган экологик тоза сунъий кварц тошлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича инвестиция лойиҳасини тақдим этдилар.
Учрашувда туман ҳокими Нодиржон Машрапов хорижий инвесторларни қутлар экан, ушбу истиқболли лойиҳани амалга оширишда туман ҳокимлиги томонидан зарур инфратузилма яратиш, ер майдонлари ажратиш ва бошқа ташкилий масалаларда ҳар томонлама кўмак кўрсатилишини таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликнинг дастлабки босқичларини мувофиқлаштириш, инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқиш ва ўзаро ҳамкорликни изчил давом эттириш юзасидан келишувга эришдилар.







