Фарғона туманида йирик паррандачилик лойиҳаси муҳокама қилинди
2026-06-20 19:05:00 / Янгиликлар

Фарғона тумани ҳокими Нодиржон Машрапов туркиялик инвесторлар билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида “Турон Турк Фергана” МЧЖ томонидан туманда замонавий паррандачилик инфратузилмасини яратишга қаратилган истиқболли инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинди.
Хусусан, лойиҳа доирасида 400 минг бош қувватга эга паррандаларни сўйиш ва қайта ишлаш мажмуаси, музлаткичли омборхоналар, инкубатория, ем ишлаб чиқариш заводи ҳамда элеваторлар қурилиши режалаштирилаётгани қайд этилди.
Учрашувда мазкур лойиҳаларнинг ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, озиқ-овқат саноати салоҳиятини ошириш ва экспорт ҳажмларини кенгайтиришдаги аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Томонлар лойиҳаларни амалга оширишнинг ташкилий ва техник жиҳатлари юзасидан фикр алмашиб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.




