Ижтимоий тармоқларда Фарғона тумани “Саткак” МФЙ ҳудудидаги дам олиш масканида жойлашган аттрационлар хавфсизлиги юзасидан эълон қилинган танқидий материалга РАСМИЙ МУНОСАБАТ
2026-06-09 09:00:00 / Расмий муносабатлар

Жорий йилнинг 5-июн куни "Effekt.uz" ахборот агентлиги электрон нашрида эълон қилинган “Инсон ҳаёти ҳар қандай иқтисодий манфаатдан устун. Аттрацион хавфсизлиги таъминланганми?” номли танқидий мақолада кўтарилган масалалар Фарғона тумани ҳокимлиги назорати остида, ваколатли давлат назорат органлари жалб этилган ҳолда атрофлича ва қатъий ўрганиб чиқилди.
Оммавий ахборот воситаларининг қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги сўрови ҳамда жамоатчилик хавотиридан келиб чиқиб, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси Фарғона ҳудудий бошқармаси, Фарғона тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими ҳамда туман Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими мутахассисларидан иборат идоралараро ишчи гуруҳ тузилди. Ишчи гуруҳ томонидан мазкур дам олиш масканида техник хавфсизлик ва шаҳарсозлик қонунчилиги талабларига риоя этилиши ҳолати юзасидан жойига чиққан ҳолда комплекс текширув тадбирлари амалга оширилди.
Ўрганиш якунларига кўра, обектдаги жами 22 та ҳар хил турдаги аттрационларни эксплуатация қилишда фуқаролар, айниқса, вояга етмаган шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғига бевосита хавф туғдирувчи, шунингдек, амалдаги қонунчилик талабларини қўпол равишда бузувчи қуйидаги тизимли ҳуқуқбузарликлар аниқланди:
1. Шаҳарсозлик қонунчилиги ва архитектура нормаларининг бузилиши ҳолатлари бўйича:
- Туман қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими хулосасига кўра, Саткак кўчасидаги нотурар ер майдонида фуқаро Юсрунов Умиджон Шукуржон ўғли томонидан амалдаги шаҳарсозлик норма ва қоидаларига зид равишда иш тутилган.
- Мазкур фуқаро Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 20-апрелдаги 200-сонли қарори билан тасдиқланган низом талабларини четлаб ўтган ҳолда, белгиланган тартибда тегишли рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштирмасдан, ўзбошимчалик билан бетон пойдеворлар қурган ва металл конструкцияли аттрацион ўрнатган.
2. Саноат ва техник хавфсизлик талабларига риоя этилмаганлиги бўйича:
- Масканда фаолият кўрсатаётган аттрационларнинг бирортасига ҳам Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 5-октябрдаги 566-сонли қарори талабларига мувофиқ, улардан хавфсиз фойдаланиш бўйича мажбурий рухсатномалар олинмаган.
- Техник регламентлар талабига зид равишда, бир қатор аттрационлар (жумладан, "Рус қайиғи", "Слайд", "Занжир", "Поезд") мажбурий техник статик ва динамик синовлардан ўтказилмаган. Махсус аккредитацияланган корхоналар томонидан уларнинг металл конструкциялари ва пўлат қисмлари мустаҳкамлиги бўйича лаборатория хулосалари тақдим этилмаган.
- Ободлаштириш обектида техник хизмат кўрсатувчи оператор ва масъул ходимларнинг малака даражаси талабга жавоб бермайди, уларнинг махсус ўқув курсларини тамомлаганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар муддати ўтиб кетган ёки умуман мавжуд эмас. Кунлик техник кўрик журналлари юритилмаган.
3. Ёнғин ва электр хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши бўйича:
- Обект ҳудудида фавқулодда вазиятлар юзага келганда инсонларни эвакуация қилиш ва моддий бойликларни қутқарув режа-чизмаси, шунингдек, кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмаган. Махсус ўт ўчириш ва қутқарув техникаларининг эркин ҳаракатланиши учун йўллар ва ёнғин ўчириш қалқонлари ташкил этилмаган.
- Электр тақсимлаш шитлари ва юқори кучланишли кабеллар эксплуатация талабларига мутлақо жавоб бермайди; тизим лаборатория синовларидан ўтказилмаган, қўлбола (вақтинчалик) монтаж қилинган ҳамда тақсимлаш қутиларининг эшиклари очиқ ва огоҳлантирувчи белгиларсиз қолдирилган. Обектда бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш тўпламлари (аптечкалар) мавжуд эмас.
Кўрилган қатъий ва ҳуқуқий-маъмурий чоралар:
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, инсон ҳаёти, соғлиғи ва хавфсизлиги ҳар қандай иқтисодий манфаат, инвестиция лойиҳаси ёки тадбиркорлик субектининг даромадидан устун турувчи олий қадрият ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, ишчи гуруҳ томонидан қуйидаги санкциявий чоралар қўлланди:
- Маъмурий жавобгарлик: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 28-мартдаги 192-сонли қарори талабларига мувофиқ, аниқланган шаҳарсозлик қонунбузилишлари юзасидан фуқаро У.Юсруновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 99-моддаси 8-банди (Шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) аломатлари билан маъмурий чора кўриш мақсадида барча расмий ҳужжатлар тўплами Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Давлат архитектура департаментига тақдим этилди.
- Фаолиятни тақиқлаш: “Саткак” ёзги дам олиш масканидаги жами 22 та аттрационларнинг фаолияти аниқланган барча камчиликлар тўлиқ бартараф этилмагунча ҳамда қонуний рухсатномалар олинмагунга қадар бутунлай тўхтатилди ва обектдаги қурилмалар электр энергияси тармоғидан узилди.
- Мажбурий демонтаж: Амалдаги техник нормаларга мутлақо жавоб бермайдиган ва фуқаролар ҳаётига реал хавф туғдирувчи 2 дона “Зиплайн” мосламаси ҳудуддан тўлиқ демонтаж қилиб олиб ташланди.
Фарғона тумани ҳокимлиги қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида давлат сиёсатининг дахлсизлигини эслатиб ўтади. Ҳудуддаги барча маданият ва истироҳат боғлари, кўнгилочар масканлар фаолияти устидан қатъий тизимли назорат рейдлари давом эттирилади.
Давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофлик тамойилларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, жамоатчилик назорати доирасида мазкур тизимли муаммони ҳуқуқий майдонда ёритган "Effekt.uz" ахборот агентлиги вакилларига миннатдорчилик билдирилади.







