Сайёр қабулда фуқаролар мурожаатлари тингланди
2026-06-05 14:05:00 / Очиқ мулоқотлар

Фарғона тумани ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Хамидахон Абдуғаниева ҳамда Фарғона тумани Адлия бўлими бошлиғи Сарварбек Маҳкамов томонидан “Хўжа Аҳмад Вале” маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр қабул ташкил этилди.
Сайёр қабул давомида маҳалла хотин-қизлари ва фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, уларнинг мурожаатлари, муаммолари ҳамда таклифлари тингланди. Мулоқот жараёнида аҳолини қийнаётган масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, ҳар бир мурожаат юзасидан тегишли тавсиялар ва кўрсатмалар берилди.
Қабулда, айниқса, оилавий муносабатлар, ижтимоий ёрдам, бандликни таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, соғлиқни сақлаш ҳамда ҳуқуқий масалаларга оид мурожаатларга алоҳида эътибор қаратилди. Фуқаролар томонидан билдирилган мурожаатларни ҳал этиш юзасидан масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий чора-тадбирлар белгиланди, айрим масалалар эса жойида ижобий ечим топди.
Шунингдек, сайёр қабул доирасида хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва фаоллигини янада ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилаларда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш ҳамда турли муаммоли ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот-тушунтириш ишлари ҳам олиб борилди.



