Шоҳимардонда электр таъминотини яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар давом этмоқда
2026-06-05 11:35:00 / Янгиликлар

Аҳолини сифатли ва барқарор электр энергияси билан таъминлаш мақсадида Фарғона туманида 2026-йилда 1-босқич “Зарбдор” тажрибаси асосида шакллантирилган “Драйвер” лойиҳалар ижроси юзасидан “Шоҳимардон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида электр таъминотини модернизация қилиш бўйича лойиҳа асосида кенг кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасида ҳудуддаги электр тармоқларининг техник ҳолатини яхшилаш, электр энергияси етказиб беришдаги узилишлар ва кучланиш пасайишларининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилган.
Бугунги кунга қадар амалга оширилган ишлар натижасида 66 дона янги темир-бетон таянчлар ўрнатилди. Шунингдек, 1,5 километр узунликдаги янги электр узатиш тармоғини қуриш ишлари жадал суръатларда давом эттирилмоқда.
Мазкур тармоқ фойдаланишга топширилгач, истеъмолчиларнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини янада ишончли таъминлаш имконияти яратилади.
Бундан ташқари, маҳалладаги 350-сонли трансформатор пунктидаги мавжуд юкламани камайтириш мақсадида ҳудудга қуввати 400 кВА бўлган янги трансформатор олиб келиниб, уни ўрнатиш ва монтаж ишлари амалга оширилмоқда.
Янги трансформатор ишга туширилиши натижасида электр тармоғидаги юклама мувозанатлаштирилиб, истеъмолчиларга етказиб берилаётган электр энергиясининг сифати ва барқарорлиги сезиларли даражада яхшиланади.
Олиб борилаётган ушбу бунёдкорлик ишлари якунлангач, “Шоҳимардон” маҳалласидаги 200 дан ортиқ хонадон, 100 га яқин тадбиркорлик субъекти ҳамда ижтимоий соҳа объектларининг электр таъминоти янада мустаҳкамланиб, истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифати янги босқичга кўтарилади.






